Сурхондарё вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат ўтқазиб, янги боғлар яратиш қизғин паллага кирди. Воҳадаги ташкилот, корхона ва муассасалар ходимлари ҳам кузги кўчат экиш юмушларида фаол иштирок этиб, вилоятда яшил маконларни янада кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшаётир.
Мазкур лойиҳанинг кузги мавсумида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари 14 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экишни режалаштирган. Айни кунларда воҳада танлаб олинган бўш ерлар, божхона постлари ҳудуди ва хизмат уйлари атрофига эзгу ниятлар билан турли манзарали, мевали дарахт ниҳоллари экилмоқда.
Вилоят божхоначилари ҳозиргача бўш майдонлар, бошқарма ҳовлиси ҳамда қўшни давлатлар билан чегарадош “Айритом”, “Гулбаҳор”, “Сариосиё” чегара божхона постлари ва божхона ходимларининг хизмат уйлари ён атрофларига қарийб беш мингта кўчат ўтқазди.

– Сайёрамиз шиддат билан ривожланиши замонавий саноат корхоналарининг ва бошқа қурилмаларнинг, автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари атмосферанинг меъёридан ортиқ ифлосланишига олиб келди, – дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўралов. –Зарарни камайтириш учун атмосферани тозалаб, теварак-атрофга тоза ҳаво ишлаб чиқариб берадиган табиий яшилликларга эҳтиёж ортиб бораётир. Бу жараёнда турли ўсимлик ва дарахтлар ишлаб чиқарадиган кислороднинг ўрни бебаҳодир. Бундай эзгу ишга муносиб улуш қўшиш учун мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини экиб, ҳудудларнинг ўсимлик дунёсини бойитишга алоҳида эътибор беряпмиз.
Божхоначилар кўчат экишда унинг маҳаллий иқлимга мослиги ва ўсувчанлигини, сув таъминотини ҳисобга олиб, тавсия этилаётган дарахт ниҳолларини ўтқазмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири