French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кузги бошоқли дон экиш: пухта тайёргарлик мўл ҳосил гарови
09:49 / 2021-08-20

Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Дул дул чашмаси” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва фермерлар иштирокида ғалла экиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Навоий вилоятида 2022 йил ҳосили учун жами 38039 гектар ер майдонига, шундан 8236 гектар очиқ майдонга ва 29803 гектар ғўза қатор орасига бошоқли дон экинлари экилиши режалаштирилган. Айни пайтда майдонларни ғалла экишга тайёрлаш ишлари авжида.

– Кузги бошоқли дон экиш ишлари тизимли ташкил этилиб, ҳар 300-400 гектар ёки 20-30 та фермерга ғалла экиш ишларини амалга ошириш учун биттадан жами 49 та экиш отрядлари шакллантирилган, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Болиев. – Экиш отрядига ҳудуд раҳбари, ёқилғи тарқатиш шахобчаси мудири, дон шахобчаси мудири ва ҳудудларга бириктирилган агрономлар раҳбар этиб тайинланган. Вилоятда кузги бошоқли дон экинларини экишга ер тайёрлаш ва экиш ишлари ташкил этиш мақсадида мавжуд 211 та ҳайдов техникалари, 23 та ғалла экиш сеялкалари ва 275 та ғўза қатор орасига ғалла экиш мосламалари, 221 та ғўза қатор ораларига ишлов беришга мослаштирилган культиваторлар, 114 та ер текислагичлар, 274 комплект бароналар, 135 та ўғит сепгичлар, 288 та мола, 168 та ўқариқ олгичлар тўлиқ белгиланган дислокация асосида таъмирлаш масканларига йиғилиб, очиқ майдонларга ғалла экиш ишлари жалб этилиши белгиланган.

Ғалла майдонларини экин мавсумига сифатли тайёрлаш, ҳар бир минтақа шароитидан келиб чиқиб, навларни танлаш, юқори синфли уруғни экиш юқори ҳосилдорликка эришишни таъминлайди.

Шунингдек, республикамизда сўнгги йилларда июль-август ойларида об-ҳавонинг иссиқ келиши деҳқонларимиздан ресурс тежамкор усуллардан фойдаланишни талаб этмоқда. Қолаверса, ғаллани экиш олдидан минерал ўғитлар билан ўғитлаш ҳам фойдадан холи эмас. Барча минтақаларда ер тайёрлаш олдидан минерал ўғитлар солиб, кейин ерни шудгор қилишга киришиш зарур. Чунки фосфорли ва калийли минерал ўғитлар дон натураси вазнини ва сифатини оширади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда ғала майдонларини 25 августга қадар 25-30 см чуқурликда шудгор қилиб, эгатларда сувнинг равон оқишини ҳисобга олган ҳолда ернинг паст-баландлигини лазер планировшиги ёки длинабаза ёрдамида текислаш, унумдор қатламдаги намликни қочирмаслик мақсадида доминатор механизми билан кесакларни майдалаб, оғир мола босиш зарур.

Семинарда ерларни лазер усулида текислаш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича тақдимотлар ўтказилди ҳамда тажриба алмашилди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА