Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови муносабати билан хорижий кузатувчилар ва халқаро ташкилотлар вакиллари юртимизда бўлиб, сайловга тайёргарлик жараёнларини кузатмоқда. Бугун, 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясида бир қатор кузатувчилар миссияси ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтди.
Жумладан, куннинг биринчи ярмида МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) гуруҳи координатори, Қирғиз Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси ўринбосари Т.Масабиров, Россия Федерацияси Федерал Кенгаши Фан, таълим ва маданият масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари И.Умаханов, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги кузатувчилар делегацияси вакиллари билан учрашди.
[gallery-19992]
Учрашувлар чоғида Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида бўлиб ўтиши, бунда депутатларнинг 75 нафари мажоритар тизим асосида, қолган 75 нафари эса пропорционал сайлов тизими асосида сайланишини қайд этди.
Шунингдек, делегациялар вакилларига миллий сайлов амалиётига жорий қилинган “E-Saylov” ахборот тизими, унинг афзалликлари ва имкониятлари, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш Концепцияси асосида барча даражадаги сайлов иштирокчиларининг билим ва кўникмалари оширилгани, сайловолди ташвиқоти жараёнида сиёсий партиялар ва номзодларга яратиб берилган тенг шароитлар, ташвиқотда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.
[gallery-19994]
Суҳбатлар чоғида кузатувчилар миссияси ва халқаро ташкилотлар вакиллари сайловларга демократик тамойилларга хос тайёргарлик кўрилгани, халқаро нормалар ва стандартларга тўла мос келиши, фуқароларнинг эмин-эркин овоз беришларини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини алоҳида эътироф этиб ўтди. Хусусан, МДҲ Бош котиби С.Лебедев Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан ташкилий ва ҳуқуқий ишларни юқори савияда йўлга қўйганини, номзодлар орасида аёллар 40 фоиздан юқорилиги гендер тенглик сиёсатига мутаносиб эканини ҳамда ногиронлиги бўлган инсонларга яратилаётган шароитларни алоҳида эътироф этди.
Таъкидлаш жоиз, кузатувчилар миссиялари ва халқаро ташкилотлар делегациялари вакиллари юртимизнинг ҳар бир ҳудудида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб боради. Миссиялар бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, кузатувлари бўйича хулоса ва тавсияларини беришни режалаштирган.
[gallery-19995]
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА