Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кузатувчилар малака оширди
14:07 / 2023-06-13

Наманганда “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан семинар-тренинг ўтказилди. Унда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайлови олдидан ўзини ўзи бошқариш органларидан кўрсатилган кузатувчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди.

“Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти директори, юридик фанлар номзоди Сайёра Хўжаева, юридик фанлар номзоди Шоира Умарова, Омбудсманнинг Наманган вилояти бўйича минтақавий вакили Жаҳонгир Валиев мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар муддатидан аввалги Президент сайловида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликнинг амалда кенг таъминланиши учун асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.  

Тренинг иштирокчиларига “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ва уларнинг халқаро меъёрларга мослиги”, “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, уларнинг ваколатлари, функциялари ва вазифалари” ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Қайд этилганидек, миллий сайловларда биринчи маротаба ўзини ўзи бошқариш органларидан танлаб олинган кузатувчилар иштирок этади. Ҳозирга қадар сиёсий жараёнларда фақатгина сиёсий партиялардан кўрсатилган кузатувчилар ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтган халқаро кузатувчилар миссияси иштирок этган. Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғинларидан тавсия этилган кузатувчилар ҳам қатнашиб, ўз ҳудудида Президент сайловини қонунчилик талаблари асосида ўтишини кузатиб, бу борада жамоатчилик назоратини амалга оширади.  

Ўқув давомида унинг қатнашчиларини қизиқтирган саволларга экспертлар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. “Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш жараёнларида кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” мавзусида қўлланма тарқатилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.