Нукус шаҳридаги “Алтин жағис” маҳалла фуқаролар йиғинида 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми олдидан аҳоли хонадонларида иситиш қозонхонасининг дудбуронларида аниқланган носозликларни бартараф қилиш бўйича шаҳар ва туман кесимида жамоатчилик асосида шакллантирилган махсус гуруҳлар билан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, қиш мавсуми бошланиши билан ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жойлар куз-қиш мавсумига қай даражада тайёр эканлигини синовдан ўтказади. Республика ҳудудида ис газидан зарарланишнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, шунингдек, аҳоли хонадонларидаги иситиш қозонхоналарининг дудбуронларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида шаҳар ва туманлар кесимида жамоатчилик асосида махсус гуруҳлар шакллантирилди.
[gallery-8915]
Тадбирда ушбу гуруҳларга жалб қилинган ишчиларнинг асосий вазифалари, жумладан, дудбуронларни тозалаш, кесиш, пайвандлаш, газ ва электр жиҳозларини таъмирлаш ишлари назарий ва амалий тарзда, кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда мутахассислар томонидан намойиш этилди. Шунингдек, мавсум давомида мутахассисликларга эга фуқаролар билан жамоатчилик асосида шартномалар тузиш, уларни аҳоли хонадонларидаги иситиш жиҳозларида аниқланган носозликларни бартараф этишга жалб этиш, уларни иш фаолиятида зарур бўладиган асбоб-ускуналар билан таъминлаш бўйича тегишли соҳа вакилларига топшириқлар берилди.
– Аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан, хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш фуқароларнинг ис газидан заҳарланишига сабаб бўлади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш гуруҳи раҳбари Айбек Абдирахманов. – Кўргазмали семинарни ўтказишдан мақсад, 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўлиб ҳисобланади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА