Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишда фуқаролар ва масъулларнинг ўз мажбуриятлари бор
15:16 / 2022-10-26

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ўлмас Музаффаров куз-қиш мавсумини талафотларсиз ўтказишда фуқаролар ва масъулларнинг мажбуриятлари тўғрисида маълумот берди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, қиш фасли иситиш муаммоси билан боғлиқ фожиаларнинг тез-тез бўлиб туриши сабабли йилнинг энг ташвишли мавсуми ҳисобланади. Шу даврда табиий газ ёки муқобил ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланиш ҳажмининг кескин ошганлиги сабабли уй-жой фондида, тунда инсонлар қоладиган жойларда эҳтиёт чораларига амал қилмаслик ҳолатлари кўп учрайди. Оқибатда, инсонларнинг ис газидан заҳарланиши, кишиларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдид солувчи ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ёки ёнғин билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши кўпаяди.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан табиий газ ёки кўмирдан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ёки мувофиқлик сертификати бўлмаган иситиш мосламаларидан фойдаланиш, печларни уйнинг ётоқ хоналарига олиб кириш, дудбуронларини нотўғри ўрнатиш, хонадаги ҳавони алмаштирмаслик каби сабабларга кўра юзага келмоқда.

Қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида бугунги кунда жойларда дахлдор вазирлик ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилган. Улар томонидан республикадаги кўп квартирали уйлардан 71 фоизи комплекс ўрганиб чиқилиб, улардаги 25 минг 242 та чордоқ ва 22 минг 69 та ертўла кўздан кечирилган ва талаб даражасига келтирилган. Якка тартибдаги уй-жойларнинг 41 фоизи, дала ҳовлиларнинг 33 фоизи текширувдан ўтказилган. Иссиқлик таъминоти корхоналарининг 93 фоизида профилактик ўрганишлар ўтказилиб, улардаги 150 дан зиёд гидрантларни талаб даражасига келтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлигига қарашли муассасаларнинг 84 фоизи, Халқ таълими вазирлигига қарашли объектлардан 74 фоизи, олий таълим муассасаларининг 10 фоизи ва даволаш муассасаларидан 86 фоизи текширувдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА