French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсумига тайёрмизми?
12:05 / 2025-12-02

ЎзЛиДеП томонидан ташкил этилган “Тараққиёт нуқтаси” мунозара клубининг навбатдаги сони “Куз-қишга тайёрмизми?” мавзусига бағишланди.

Унда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, энергетика ва коммунал хизматларнинг барқарор ишлашини таъминлаш йўналишида қилинган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Биламизки, куз-қиш мавсумида энг кўп электр ва газ тармоқларида узилишлар ва бошқа муаммолар кузатилади. Шундан келиб чиқиб, мунозарада мазкур йўналишдаги тайёргарликларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.  

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ масъул ходими Баҳодир Қодиров 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мавсумга ҳозирлик кўриш, электр таъминотини тўғри ташкил этиш борасида мазкур жамият томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.  

Қайд этилганидек, умумий узунлиги 29 минг 506 км электр тармоқлари мукаммал таъмирланган. 10 минг 270 та трансформатор пунктларида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, зарур материаллар захираси тайёрлаб қўйилган. Жумладан, 852 дона трансформатор, 114 тонна сим, 3 минг 900 та таянч элементлари захираси яратилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили электр тармоқларининг 50 фоиздан ортиғида ускуналар эскириб қолганини айтиб ўтди. Мутахассиснинг қайд этишича, ҳозиргача 40-50 йиллик тармоқлардан фойдаланиб келиняпти. Уларни бирданига таъмирлаб бўлмайди, босқичма-босқич амалга оширилади. Хорижий мутахассислар билан тажриба алмашилганда, энг оғир ҳолатдаги қизил нуқталарни белгилаб олиш ва шу йўналишда иш олиб бориш мақбуллиги кўриб чиқилган.  

Шунингдек, мунозараларда газ тармоқларини мавсумга тайёрлаш, кўп қаватли уйларда иссиқлик сув таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Бир қатор саволларда кўтарилган масалалар, муаммолар мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилинди.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА