Қиш мавсуми яқинлашар экан, ҳар бир ҳудудда аҳолини иссиқлик, сув, электр ва газ билан узлуксиз таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тизимли асосда ташкил этилмоқда.
Депутат сифатида жойлардаги ҳолатни ўрганиш жараёнида кузатилган ҳолатлар шуни кўрсатмоқдаки, барча даражадаги масъул идоралар томонидан амалий ишлар изчил йўлга қўйилган. Аввало, ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш масаласи жорий йилда устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорига мувофиқ, мактаб, болалар боғчалари, шифохоналар ва олий таълим муассасаларидаги 673 та иситиш қозони янгиланмоқда. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан қарийб 19 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бирга, 256 та кўп қаватли уй-жой таъмирланди, санитария ва техник ҳолати яхшиланди. Нукус шаҳридаги “Кўк ўзак” маҳалла фуқаролар йиғинида эса 3 та янги қозон ўрнатилиб, 3,5 километр иссиқлик тармоғи тортиш ишлари амалга оширилди. Энди бу орқали 25 та кўп қаватли уй ва 2 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик билан таъминланади. Энг муҳим жиҳати шундаки, бу ишлар орқали нафақат муҳандислик тармоқларининг барқарорлиги таъминланмоқда, балки одамлар турмуш даражаси ва қулайлик даражаси ҳам сезиларли ошмоқда.
Сув таъминоти тизимида 45,2 км ичимлик сув, 6 минг 900 км электр тармоқлари ва 2 минг 300 дан ортиқ трансформатор янгиланиши — бу йилги тайёргарлик ишларининг муҳим натижаларидан биридир.
Табиий газ таъминотида 8,5 км тармоқ ва 25 та тақсимлаш пункти реконструкция қилингани ҳисобига 34 мингдан зиёд хонадонни газ билан таъминлаш яхшиланмоқда. Шунингдек, мавсум учун 75,5 минг тонна кўмир ва 13 минг тонна суюлтирилган газ заҳираси яратилди.
Бу натижалар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги “Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси билан ҳам узвий боғлиқ. Унга кўра, иссиқлик энергияси йўқотишлари юқори бўлган 670 та ижтимоий объектда 803 та иситиш қурилмаси ва 4 минг 961 та горелка янгиланди. 467 та мактабгача таълим ташкилотига 889 та гелиоколлектор ўрнатилиб, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу ишлар фақат рақамлар билан эмас, балки одамлар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатаётган ислоҳотлар билан баҳоланмоқда. Энг олис овулларда ҳам иссиқлик ва сув таъминотини яхшилаш, аҳолини зарур ёқилғи билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кундаги асосий вазифа — мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш билан бирга, энергияни тежавчи технологияларни кенг жорий этишдир. Чунки бу нафақат иқтисодий самара беради, балки экологик барқарорликни ҳам таъминлайди.
Қорақалпоғистон Республикасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа фаолиятини барқарор давом эттириш ва иқтисодий ривожланиш учун мустаҳкам замин яратиб бермоқда.
Ислом Сиддиқов,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитасининг раиси,
ЎзЛиДеП дан Жўқорғи Кенгес депутати
ЎзА