“Урганчтрансгаз” унитар корхонаси тизимида куз-қишга тайёргарлик ишларининг боришига бағишланган пресс-тур ўтказилди.
Маълумки, “Урганчтрансгаз” УК таркибида 14 та ташкилот бўлиб, корхонанинг асосий вазифаси табиий газни ташиш ва транзит қилиш, ҳамда, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчиларига табиий газни етказиб беришдир. Ҳозирда корхона тизимидаги компрессор станцияларида 110 та газ агрегатлари ўрнатилган.


Пресс-турда иштирокчилари дастлаб “Урганч” газ тақсимлаш станциясида амалга оширилган реконструкция ишлари ва станцияга келтирувчи қувурнинг алмаштирилаётгани билан танишди. Ушбу станцияси орқали Урганч шаҳар аҳолиси ва улгуржи истеъмолчиларга табиий газ узатилади. Станциянинг ўтказувчанлик қуввати ва газ узатиш сифатини яхшилаш мақсадида реконструкция ишлари амалга оширилди. Тадбир давомида станцияга 2 та газ тозалаш қурилмаси ўрнатилди. Станцияга келувчи 600 метр узунликдаги диаметри 530 мм бўлган газ қувури 720 мм бўлган қувур билан алмаштирилмоқда. Бу эса ҳудуд истеъмолчиларининг табиий газ таъминоти ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилашга имкон беради.


Тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида ҳам бўлди. Маълумки, “Тўрткўл” газ тақсимлаш станцияси аҳоли пунктига яқин жойлашгани сабаб ҳудудда яшовчиларга хавф туғдиради. Шу кунларда станцияни аҳоли уйларидан узоқроққа кўчириш лойиҳаси якунланди. Бунинг натижада станция орқали табиий газ узатиш сифати ва самарадорлиги ортади. Станцияга замонавий қурилмалар ва ишчи ходимлар учун шарт-шароитлар яратилди. Бу тадбир тўрткўлликлар учун табиий газ таъминотини яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


1980 йилда қурилган эски станциянинг ўтказувчанлик қуввати соатига 40 минг метр кубни ташкил қиларди. Янги станцияда эса кўрсатгич 60 минг метр кубни ташкил қилади. Шунингдек, аввалги станциягача келтирувчи юқори босимли қувурнинг муҳофаза майдонида 130 дан зиёд қурилмалар, потенциал хавфли зонада эди. Станциянинг кўчирилиши атрофдаги хавфни бартараф этишга ҳам имкон яратди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА.