Юртимизда жорий йилнинг январ ойида кузатилган аномал совуқ хизмат кўрсатувчи барча соҳаларда камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Шу боис ҳозирдан “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва унинг жойлардаги газ таъминоти идоралари томонидан 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари бошлаб юборилди. Бунда газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш, уларни реконструкция қилиш ва қувурларни бўёқлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил куз-қиш мавсумида вилоят бўйича жами 6 дона газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, вилоят бўйича 72,6 километр газ қувурларини босим остида зичликка синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш тадбирлари амалга оширилиб, 1619 дона газ тақсимлаш пунктларида тафтиш ўтказилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда вилоятда 4 минг 212,2 километр газ қувурлари мавжуд. Мавсумга тайёрлаш даврида 188,4 километр ер ости газ қувурларининг ҳолати VARIOTEK 480 EX прибор усули билан текширилади. 170,7 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, бўёқлаш ишлари амалга оширилади. 9,3 километр газ қувурлари реконструкция қилинса, 1 километр газ қувурларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади.
Бу каби тадбирлар Конимех туманида ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Айни пайтда туманда 5 минг 700 та табиий газ истеъмолчиси бор. Аҳолини табиий газ билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида ўтган 2022 йилда 26 та газ тақсимлаш пунктларида демонтаж ишлари амалга оширилди. Натижада қарийб 1500 та хонадон табиий газ билан таъминланиши икки босқичли тизимга ўтказилди.

– Туманимизда 85 та газ тақсимлаш пункти мавжуд бўлиб, шундан 5 таси юқори босимли бўлса, қолган 80 донаси ўрта ва паст босимли газ тақсимлаш пунктларидан иборат, – дейди “Конимехтумангаз” идораси бош муҳандиси Муслим Ботиров. – Газ қувурларининг умумий узунлиги қарийб 270 километрни ташкил этади. Бугунги кунда газ тақсимлаш пунктлари ҳамда газ қувурларида техник кўрик ишлари давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, ходимларимиз томонидан газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш, уларни реконструкция қилиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилда Конимех тумани бўйича 56 дона газ тақсимлаш пунктларида тафтиш ўтказилиши белгиланган. Бундан ташқари, 5 километр ер ости газ қувурларининг ҳолати прибор усули билан текширилса, яна 5 километр газ қувурларида босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, 15 километр газ қувурларида эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари бажарилади. Ҳозирги кунга қадар эса қарийб 10 километр узунликдаги газ қувурларида бўёқлаш ишлари амалга оширилди. Ҳеч кимга сир эмас, истеъмолчиларнинг газ жиҳозларидан оқилона ва хавфсиз фойдаланишлари бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда жуда муҳим. Чунки озгина эътиборсизлик ҳам нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида ҳар бир истеъмолчи уй ичи газ жиҳозларини техник ва профилактик кўригини ташкил этилишида эътиборли бўлиши ҳамда унинг мажбурийлиги кўрсатиб ўтилган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида газ таъминоти идораси ходимлари томонидан белгиланган режага мувофиқ аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг газ жиҳозларига техник ҳамда профилактик хизмат кўрсатилиб, фойдаланиш учун хавфсиз ҳолга келтирилмоқда.
Туманда 8 та маҳалла фуқаролар йиғини табиий газ тармоғига уланган. Ушбу истеъмолчиларга газдан фойдаланишда жами 16 минг 898 та газ жиҳози мавжуд.
– Маҳалламиздаги хонадонларда ҳам газ таъминоти идораси ходимлари томонидан профилактик ва техник тафтиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда, – дейди “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Санобар Шукурова. – Эътиборлиси, бугунги кунда чилангарлар томонидан барча амалга оширилаётган ишлар қоғоз орқали бажарилмай, махсус дастур орқали бажарилмоқда. Чилангар томонидан бажарилган ишлар дастурга киритилиб, амалга оширилган барча жараёнлардан сўнг истеъмолчи томонидан электрон имзо қўйилгач, кўрсатилган хизматлар учун тўлов истеъмолчига СМС хабар орқали маълум қилинаркан. Шундан кейингина истеъмолчи туловни амалга оширади.

“Тумангаз” идораси ходимлари томонидан ис газига қарши тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилиб, уларда газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш хусусида тушунчалар берилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА