Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳозирдан бошланди
16:55 / 2024-03-28

Бугунги кунда Андижон вилоятида 256 мингдан зиёд табиий газ истеъмолчиси бор. Истеъмолчиларга мавжуд 5 минг 700 километр газ қувури, 1 минг 368 та газ тақсимлаш қурилмалари орқали табиий газ бир маромда етказиб берилмоқда.

Халқимизда “Қиш ғамини ёзда кўр” деган нақл бор. Ана шу нақлга амал қилган ҳолда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали, унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан келгуси куз-қиш мавсуми учун тайёргарлик ишлари бугунданоқ бошлаб юборилди. Аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Режага кўра, барча тоифадаги истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.

–Жорий йилда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Олтинкўл туманида 1,3 километр узунликдаги газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ҳамда Андижон шаҳар, Андижон, Бўстон, Пахтаобод ва Улуғнор туманларида жами 8,1 километр газ қувурини реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Раҳматилло Темиров. – Шунингдек, режага кўра, Олтинкўл туманидаги “Меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган ўрта босимли ер ости газ қувурининг 1,3 километр қисми мукаммал таъмирланади. Бунинг натижасида ҳудуддаги 680 дан ортиқ хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади. 

Тармоқларни қайта реконструкция қилиш ишлари доирасида жорий йилда 5,6 километр узунликдаги тармоқ таъмирланиб, уларнинг хизмат муддати янада узайтирилади. Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги газ тармоғининг 2 километр қисми, Андижон тумани Оғуллик маҳалласидаги тармоқнинг 1 километр, Бўстон туманида тармоқнинг 1 километр, Улуғнор туманидаги “Овулмат-Шаҳриобод” тармоғининг 1,9 километр қисми ҳамда Пахтаобод туманидаги “Обод-Хайрабод” тармоғининг 2,2 километр қисмида реконструкция ишлари амалга оширилади. 

Табиий газни узлуксиз етказиб беришда газ тарқатиш қурилмалари, уларнинг созлиги ва бир маромда ишлаши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилда вилоятдаги мавжуд 1 минг 368 дона газ тарқатиш қурилмаси мутахассислар томонидан тўла техник кўрикдан ўтказилади. Туманлардаги 15 та қурилма мукаммал таъмирланиб, хизмат муддатлари янада узайтирилади. 

Бундан ташқари, белгиланган режага асосан 122,8 километр газ қувурини юқори босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари амалга оширилади, 201,5 километр узунликдаги ер усти газ қувурлари бўялади. Шунингдек, мавсумга тайёргарлик жараёнида 110,8 километр узунликдаги ер ости газ қувурининг ҳолатини махсус жиҳозлар орқали текшириш кўзда тутилган. 

–Марҳамат туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Ўқчи, Шўрқақир ва Миришкор маҳаллалари ҳудудидаги 6,5 километр узунликдаги газ қувурларининг ҳолатини юқори босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалашни режалаштирганмиз, – дейди “Марҳаматтумангаз” газ таъминоти бўлими муҳандиси Ботиржон Абдуллаев. – Шунингдек, 14,8 километр ер ости қувурининг ҳолати текширилади, газ сизиб чиқиш ҳолати ўрганилади, 14,4 километр қувурлар бўёқланади, 187 та газ тармоқининг зулфинлари техник тафтишдан ўтказилади. 

Шу ўринда, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали истеъмолчиларга куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратишни, хусусан, хонадонлардаги газ плиталари, қозонхона, камин, печ ва бошқа газ жиҳозларининг хавфсиз ишлаши, уларнинг мўрилари, шамоллатиш тизимининг созлигини текшириши шарт эканлигини, ана шу ишларни амалга оширишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши зарурлигини эслатиб ўтади. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари