Куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек, беталафот ўтказиш мақсадида бугун жойларда қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Масъулиятли мавсум олдидан бажарилаётган ишлар билан яқиндан ва ўз жойида танишиш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари томонидан маҳаллий депутатлар билан ҳамкорликда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Сенатида доимий равишда фаолият юритувчи сенатор Маҳмуджон Парпиев халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Сайфиддин Ҳусаинов ва тегишли мутасаддилардан иборат Ишчи гуруҳи Наманган вилоятида 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши билан яқиндан танишди. Ишчи гуруҳи Давлатобод тумани ҳудудида жойлашган кўмир базасида бўлиб, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига куз-қиш мавсуми учун кўмир маҳсулотлари етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди. “Кўмиртаъминот” масъулияти чекланган жамияти Наманган вилояти филиали иқтисодчиси Анваржон Йўлдошевнинг қайд этишича, вилоятда хонадонларга 243 минг тонна ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун 140,4 минг тонна маҳаллий ва импорт кўмир маҳсулотларига эҳтиёж мавжуд.
Бугунги кунга қадар жами 27,6 минг тонна маҳсулот захираси яратилган. Бугунги кунгача эса жами 458 та, яъни 441 та боғча, 17 та тиббиёт масканининг локал иситиш тизимлари кўмир ёқилғисига мослаштирилди. Одамларни бугунги кунидан рози қилишда ҳудудларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.
Наманган туманидаги Хўжақишлоқ маҳалласида ҳам белгиланган дастур асосида аҳолининг биринчи галдаги эҳтиёжи бўлган электр қуввати яхшиланмоқда. Хусусан, аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда маҳалланинг “Туркистон” кўчасида 4,5 километр масофадаги тармоқ янгиланиб, 120 та таянч устуни ўрнатилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, келгуси етти йилда мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш тадбирлари лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунтиришлар аҳоли томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
– 66 ёшдаман. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида, шу жумладан ёнғин хавфсизлиги хизматида меҳнат қилганман, – дейди маҳалла фаолларидан бири Машраб Раҳимов. – Мустақилликнинг илк йилларида аҳолига оммавий равишда ер тарқатилган, улар қатори биз бу ҳудудга кўчиб келганмиз. Очиғини айтсам, аҳолининг яшаш шароити, кўчаларнинг инфратузилмаси билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. Гоҳида, туман раҳбарларида маблағ йўқлиги панд берди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг оддий қишлоқ одамларининг фаровонлигини ўйлаб қилаётган ғамхўрликлари натижасида бизнинг маҳалламизга ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ Хўжақишлоқдаги 20-сонли умумтаълим мактабининг куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида қилинаётган ишларни ҳам кўздан кечирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА