Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик депутатлар эътиборида
20:29 / 2025-10-24

O’zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда бир қатор долзарб масалалар муҳокама этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда куз-қиш мавсумида барча коммунал хизмат кўрсатиш тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, аҳоли, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектларида электр таъминоти, жумладан, авария ҳолатларида кўрилаётган чоралар бўйича мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, шаҳарда ҳозирги пайтда 93 дона трансформатор пункти ҳамда 209,8 километр электр узатиш тармоқлари мавжуд бўлиб, улардада мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилган. Жорий таъмирлаш ишлари ҳам 342 дона трансформатор пункти ҳамда 295,2 километр 6/10-0.4 кВли электр узатиш тармоқларида поёнига етказилган. 

Корхона тасарруфида ҳозирги пайтда 14 та нимстанция мавжуд бўлиб, уларга масъул ходимлар бириктирилган. Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида навбатчи ходимлар, ишонч телефонига бириктирилган муҳандис техник ходимлар таркиби шакллантирилганлиги ҳам ўз амалий натижасини беради.

2025 йилда электр қурилмаларини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича ҳам бир қатор ишлар бажарилган. Истеъмолчиларга қуёш панеллари ўрнатишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. 2025 йилда жами қуввати  3740 кВт бўлган 111 та қуёш панеллари ўрнатилган. Хусусан, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонлари ҳамда кўп қаватли уйларда белгиланган режага асосан қуёш панелларини ўрнатиш доимий эътиборда.

“Ҳудудгаз Бухоро” ГТФнинг 2025 йилдаги 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашни тайёрлаш, истеъмолчиларга узлуксиз ва хавфсиз табиий газ етказиб бериш тўғрисидаги буйруққа асосан “Бухорошаҳаргаз” газ таъминот бўлими томонидан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 390 километр ер ости газ қувурлари ҳолати бурғилаш ва чуқур қазиш йўли орқали текширилиб, бугунги кунда 442 километр ер ости газ қувурлари ҳолати бурғилаш ва чуқур қазиш йўли орқали текширилди. 

Йиғилишда 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида кўп қаватли уй-жой фондини сақлашда амалга оширилган ишлар ҳам йиғилиш иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. 

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида 56 мингдан зиёд хонадондан иборат бўлган 1560 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, уларга 15 та бошқарувчи ташкилотлар ҳамда 5 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан техник хизмат кўрсатиб келинмоқда. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун жами 291 та кўп квартирали уй-жойларда бошқарув сервис компанияларининг 14 миллиард сўмдан зиёд маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Йиғилишда  кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Депутатлик гуруҳи йиғилишида шаҳар ҳокими, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.