Наманган вилоятида ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари давом этмоқда. “Наманган сувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан шаҳар ва туманларда мавжуд тармоқлар янгиланмоқда, янги қувурлар тортилиб, сув иншоотларида профилактик ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида 3 минг 150 метр полиэтилен қувур ётқизилди. Қолаверса, 110 метр чуқурликдаги янги қудуқда бурғилаш ишлари якунланиб, махсус қувурлар туширилди ҳамда 120 хонадонга сув ҳисоблагичлар ўрнатилди.

Давлатобод туманининг Тўрақўрғон кўчасида 3,2 километр янги ичимлик суви тармоғи тортилаётган бўлиб, ҳозирга қадар 2 минг 200 метр қазилма чуқур тайёрланди ҳамда 1 минг 770 метр қувур ётқизилди. Иш жараёнига тўртта махсус техника ва 18 нафар мутахассис жалб этилган. Поп туманининг Халқобод шаҳарчасида эса канализация тармоқларида таъмирлаш ва тозалаш ишлари амалга оширилди.


Наманган шаҳридаги “Курашхона” сув олиш иншоотида двигателларни профилактик кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Давлатобод туманидаги эски “Елхон” сув иншоотида ҳам таъмирлаш ва техник ҳолатни яхшилаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.