French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик авжида
15:43 / 2021-08-20

Тошкент вилоятида кўп қаватли уйларда амалга оширилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари ҳамда иссиқлик таъминоти бўйича уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб журналистлар Нурафшон шаҳридаги Тошкент вилояти 1055 қисқа рақамли тезкор диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишди. Бу ерда мутахассислар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Хусусан, аҳолига коммунал хизматлар бўйича юзага келаётган мурожаатларни қабул қилиш ва уларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокими топшириғи билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси қошида тезкор диспетчерлик хизмати фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда 15 нафар операторлар 24 соат мобайнида хизмат кўрсатиб келмоқда.

Жорий йил бошидан ҳозирга қадар 1055 қисқа ишонч телефонига 2 минг 162 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг ҳар бири тегишли тартибда масъул ташкилотларга йўналтирилган. Энг кўп мурожаатлар электр энергияси бўйича келиб тушган. Шунингдек, ичимлик суви бўйича 10 фоиз, табиий газ бўйича 15 фоиз, коммунал масалалар бўйича 5 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, диспетчерлар томонидан фуқароларга зарурий тавсиялар, тушунчалар ҳам берилмоқда.

[gallery-3506]

— Келиб тушаётган мурожаатлар тегишли тартибда ҳудудлардаги соҳага алоқадор мутасадди ташкилотларга йўналтирилади, – дейди бошқарма ҳузуридаги 1055 диспетчерлик хизмати бошлиғи Достон Алиохунов. – Сўнгра марказий авария диспетчерлик хизмати мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ мурожаат келиб тушган ҳудуддаги носозликни бартараф қилади. Бундан ташқари, 1055 диспетчерлик хизматининг телеграмм гуруҳи ҳам ташкил этилган. Унда фуқароларимиз ўзларини қийнаб келаётган коммунал масалалар бўйича ўз мурожаатларини йўллашлари мумкин. Бунда қулай жиҳати инсон учун қимматли бўлган вақт сарфи тежалади.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Чирчиқ шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш, реконструкция ишларини кўздан кечирди. Жумладан, бугунги кунда Амир Темур маҳалласидаги “Маданият” кўчаси атрофида жойлашган кўп қаватли уйларни таъмирлаш, унга туташ жойларда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти.

Бу ерларда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланиб, атроф тозаланяпти. Режа бўйича Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, кўп қаватли уйлар мукаммал таъмирланади. Кўчалар асфальт қилинади, янги болалар майдончаси ва автотураргоҳ ҳам барпо қилинади. Бу ишлар мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида якунланади

Пресс-тур давомида журналистлар “Юбилейная” қозонхонасини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари билан танишди. Унда мутахассислар томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Хусусан, Чирчиқ шахрининг иссиқлик тизимини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Жахон Банки ўртасида келишув тасдиқланган. Унга кўра, Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шахри ТЦ-8 яъни пилот зоналари танланган.

Чирчиқдаги “Юбилейная” қозонхонаси биносида қурилиш монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерга 25 МВт дан 3 та қозон, 6 та горелка, 6 та расширительный бак, 2 та индивидуал иссиқлик пунктлари (ИТП), 3 та экономайзер, 6 та циркуляционный насос, 7 та тармоқ насослари, захира ёқилғисини сақлаш учун 2 та бак (ёмкость), 3 та дымосос, 3 та вентеляторлар, 2572 метр иссиқлик қувурлари (ППУ), электр кабеллари ва НЎА ва А шкафлари олиб келинди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида қозонхона биноси модернизация қилинади, 3 та қозонлар ва ёрдамчи ускуналар ўрнатилади, 2 километр иссиқлик тармоқлари алмаштирилади. 13 та (872 хонадон) кўп қаватли уйларнинг ички тизимлари қайта тикланиб 13 та индивидуал иссиқлик пунктлари (ИТП), 2 та ижтимоий соҳа обьектларига 2 та индивидуал иссиқлик пунктлари (ИТП) ўрнатилади.

– Мазкур қозонхона ишга тушганидан кейин ҳудуддаги 8 та маҳалладаги 100 дан ортиқ кўп қаватли уй, 28 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик таъминоти билан таъминлайди, – дейди вилоят Иссиқлик манбаи ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Ойбек Очилов. – Эътиборлиси иситиш қозонларийирик ҳажмда бўлиб, у орқали келгусида бошқа жойлардаги биноларга ҳам иссиқлик таъминотини етказиб беришга ёрдам беради. Авваллари бу ер анча таъмирга муҳтож ҳолатда бўлган. Кўп энергия сарфланиши, хавфсизлик жиҳатлари талабга жавоб бермас эди. Эндиликда замонавий жиҳозлар ўрнатилганидан кейин қарийб 60 фоиз газ сарфи тежаляпти.

Навбатдаги манзил “Мумтоз Сервис Чирчик шаҳар” бошқарув сервис компанияси бўлди. Маълумки, кейинги йилларда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, кўп квартирали уйларни бошқариш, иссиқлик ва ичимлик сув таъминоти борасида тизимли ишлар йўлга қўйилмокда. Жойларда самарасиз фаолият юритаётган уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнига янги тажриба сифатида бошқарув сервис компаниялари ташкил этилди. Ушбу янги тузилмалар соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш, аҳолига қулайлик яратишга хизмат қилмоқда.

Мазкур бошқарув сервис компанияси шаҳардаги 6 та маҳалла 71 та кўп квартирали уйга коммунал хизматлар кўрсатиб келади. Бунинг учун сервис компанияси томонидан 31 нафар малакали мутахассис, махсус автотранспорт воситалари, асбоб-ускуналар жалб қилинган.

– Мазкур амалиёт нафақат аҳоли учун, балки кўп йиллар тизимда фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ва мутахассисларга анча қулайлик яратди, – дейди “Мумтоз Сервис Чирчик шаҳар” БСК таъсисчиси Гулнора Отажонова. – Аҳолига 30 хил турдаги сервис хизматларини кўрсатамиз, ундан 10 таси мажбурий санитар техник талаблар асосидадир. Охирги 20 йил ичида бу жойларда иссиқлик таъминоти тизимли амалга оширилмаган эди. Вилоят ҳокимининг амалий ёрдами билан бу борадаги ишлар тартибга келтириляпти.

Медиа-тур иштирокчилари соҳа вакиллари билан суҳбатлашди. Куз-қиш мавсумини талофотларсиз ўтказиш, фуқароларга қулайлик яратиш борасидаги вазифалар ижроси ҳақида маълумот олди.

 

А. Мусаев, ЎзА