English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик авжида
17:36 / 2021-08-03

Президентимизнинг 2017 йил 24 апрелдаги “2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфидаги кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектларини мавсумга ҳозирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Зангиота туманидаги 164 та кўп қаватли уйлар, шунингдек, ҳудуддаги барча асосий муҳандислик тармоқлари, технологик ускуналарини мавсумга тайёрлаш, эҳтиёжига қараб жорий ва мукаммал таъмирлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқ. Ҳудуддаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг 105 таси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига аъзо ҳисобланиб, бугунги кунда мазкур уй-жойларга 8 та ширкат ва 3 та МЧЖ томонидан аҳолига коммунал хизмат кўрсатилмоқда.

Ҳозирга қадар 98 та кўп қаватли уй мукаммал, 50 таси жорий таъмирланган. Таъкидлаш жоизки, 2021 йил учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига асосан 13 та кўп қаватли уйларда  мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида тижорат банклари томонидан 737 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит маблағи йўналтирилиши режалаштирилган.

Хусусан, 7 та кўп қаватли уйнинг том қисми, 13 та уйнинг 20 та кириш йўлаги жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 13 та уйнинг 175 метр квадрат ўлчамдаги фрамуга ромлари пластик ромларга алмаштирилиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2 та уйнинг 6 та кириш эшигига замонавий кодли қулфлар ўрнатилди.

Зангиота туманида фаолият юритаётган ширкатларда ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кенг йўлга қўйилган. Жумладан, “Омад катта чинор” уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 4-, 5-, 6-, 10-уйларнинг 26 та кириш йўлаклари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Мазкур уйларнинг айримларида фасад қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, 2,3 миллиард сўм миқдоридаги бюджет ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 5 та кўп қаватли уйнинг том, кириш йўлаклари, тротуар, ичимлик суви тармоқлари ҳамда уйларнинг фасад қисми соз ҳолга келтирилди.

Бундан ташқари, “Боғзор”, “Ибрат” ва “Файз” МФЙларда бу каби чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Кўп қаватли уй-жой фондини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари доирасида, ҳудудда фаолият олиб бораётган “Зангиота уй-жой калитли қурилиш” МЧЖ қошида кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида бошқарув сервис компанияси (БСК) ташкил этилди. Унга зарурий моддий-техник база ҳамда малакали ишчи-мутахассислар жалб этилган. БСКнинг кўп қаватли уйларни бошқаришда зарур тажрибага эга эканлиги инобатга олиниб, хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш, туманда мавжуд кўп қаватли уйлар қамровини янада ошириш мақсадида маҳаллаларда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозир Эшонгузар ҳудудидаги “Зангиота юлдуз нури” уй-жой мулкдорлари ширкати ўрнида шундай замонавий бошқарув сервис компанияси ташкил этилаётир. Мазкур БСК кўп тармоқли бўлиб, ўзида авария диспетчерлик хизмати, сантехника ишлари, фаррошлик, қурилиш хизматларини кўрсатиш ва лифтларни таъмирлаш каби турли йўналишлардаги ишларни бажаришга ихтисослашган. Бундан ташқари, мазкур БСК аҳолига қулайлик яратиш мақсадида хонадонларга янги харид қилинган маиший техника жиҳозлари ҳамда муҳандислик тизимларини ўрнатиб бериш хизматларини ҳам ўз ичига олади.

Халқимизда “Қиш ғамини ёзда е” деб бежизга айтилмаган. Маълумки, бу йил ёз мавсумининг тафти ҳар йилгидан юқорироқ экани кузатиляпти. Демак, қиш фаслининг ҳам совуқ келиши эҳтимоли йўқ эмас. Муҳими, қишга пухта ҳозирлик кўриш мақсадида ҳар бир кундан унумли фойдаланиш зарур. Мавсумнинг беталофат, кўнгилдагидек ўтиши бугунги саъй-ҳаракатларга боғлиқ.

 

 

А.Мусаев, ЎзА