Ноябрь охиридаги совуқ кунлар энергетика соҳаси жамоаси учун янада синовли бўлмоқда. Чунки бугунги кундаги асосий эътироз айнан свет ва газ таъминоти бўйича билдирилмоқда.
Хўш, тизимда куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилганди? Ҳавонинг кескин ўзгариши мавсум тайёргарлигига таъсир этадими?
Ижтимоий тармоқлардаги эътирозларни инобатга олиб, жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича Энергетика вазирлиги тизимдаги "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов қуйидача маълумот берди.
– 2020-2021 йил куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди, – деди Ж.Обиджонов. – Истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг 11 та туманлари кесимида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги 605-628-сон қарорларида аниқ топшириқлар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида энергетика соҳасида объектларини узлуксиз ишлашини ҳамда республика истеъмолчиларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлар тўғрисида бўлиб ўтган йиғилишнинг 42-сон баёнида Энергетика соҳаси объектларини куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш ва энергия таъминоти масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Энергетика вазирлиги штаби, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги электр таъминоти корхоналари ҳамда инспекцияларнинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ва маъсул ходимлари таркибидаги штаблар тузилди. Ишчи гуруҳ 7 сентябрдан 30 сентябргача жойларга чиқиб, бажарилган ишларни кўриб чиқди.
Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарида куз-қиш мавсумига яратилган захира материаллари, тармоқ трансформаторлари ва бригадалар бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилган:
Хусусан, 476 та Махсус автотранспорт, Ямо бур 11 та, авто кран 5 та, қуввати 100-250 кВА 395 дона тармоқ трансформаторлари, 151,5 тонна трансформатор мойи, 1254 дона темир бетон таянчлар, 187 км узунликдаги сим, 39 км кабель маҳсулотлари, 727 дона кабель муфталар захираси яратилган.
Юзага келган аварияларни бартараф этиш учун 478 та тезкор таъмирловчи бригадалар ташкил этилган. Барча бригада аъзолари алоқа воситаси ва 391 та махсус автотехникалар билан таъминланган.
Шу билан бирга, 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоғи ва аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида, 2020 йил 6 ноябрдан 2021 йил 1 апрелига қадар раҳбар ва маъсул ходимлардан иборат туну кун навбатчилик ташкил қилинди. Айни пайтда мавсум ишлари муаммосиз ҳал этилмоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА