Куз-қиш мавсуми коммунал хизмат кўрсатиш тизими вакиллари учун синовли палла ҳисобланади. Боиси, эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида истеъмолчилар талаб ва эътиёжи қондирилиши керак.
Бундай улкан масъулиятни ҳис қилган газ таъминоти тизими ходимлари мавсумга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.
Бугунги кунда Навоий вилоятидаги суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 100 минг нафардан зиёд. Уларга йил бошидан буён қарийб 6557 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Июнь ойининг айни вақтига қадар эса истеъмолчилар 710 тонна 620 кг ёқилғи маҳсулоти билан таъминланди.
Таъминотда узилишлар бўлмаслиги учун “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан вилоят истеъмолчиларига 2022-2023 йил куз-қиш мавсуми даврида ҳудудлар кесимида суюлтирилган газ етказиб бериш режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, истеъмолчиларга 2022 йил тўртинчи чораги ва 2023 йил биринчи чораги давомида 7254 тонна 600 кг суюлтирилган газ етказиш режалаштирилган. Мазкур фонд ҳар бир туман ва шаҳаргаз газ таъминоти бўлимларига истеъмолчи сони ва эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда ажратилади ва маиший газ баллонлар ҳам шунга кўра шакллантирилади.
– Навоийда суюлтирилган газ етказиб бериш қийин бўлган 24 та олис ҳудуд бор, – дейди филиалнинг суюлтирилган газ таъминоти бўйича масъул ходими Улуғбек Нуримов. – Булар асосан, Учқудуқ, Томди, Нурота ва Конимех туманлари овулларига тўғри келади. Ёғингарчилик кунларида бу ҳудудларнинг йўлларида ҳаракатланиш бироз мураккаблашади. Шу боис, тайёргарлик ҳозирдан бошланган. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилиб, хавфсизлиги таъминланмоқда. Маиший баллонларнинг яроқлилиги доимий назоратга олинган.
Тизим ходимлари томонидан доимий равишда истеъмолчиларга суюлтирилган газ хариди фақат ID-карта орқали амалга оширилиши, уни ўз вақтида етарли маблағ билан тўлдириш, етказиб берилаётган газ балонни назорат тарозиларида ўлчаб олиш, энг муҳими, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА