Шу кунларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Тошкент шаҳри аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминотига оид қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 январдаги ва 20 январдаги қарорлари ижросига асосан Чилонзор туманидаги Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларида жойлашган 50 та кўп қаватли уй, 2 та мактаб, 3 та мактабгача таълим ва 2 та тиббиёт муассасаси учун 22,4 Гкал иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга қозон ҳамда қуввати 4,6 МВт бўлган 2 та газ поршенли қурилма ўрнатилмоқда.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси ёрдамчиси Расул Шамсиевнинг қайд этишича, бугунги кунда 2 та газ поршенли қурилмалар, ҳар бир бино учун алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ва иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш учун зарур бўлган қувурлар тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
– Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги иссиқлик тармоқларининг сўнгги қисмларида 11 та когенерация ҳамда газ двигателларини ўрнатиш бўйича “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Iltekno Ileri Teknoloji Mühendislik ve Ticaret A.Ş.” (Туркия) ҳамда “IMAGRO” s.p.a. (Италия) компаниялари билан “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида шартнома имзоланди. Ушбу лойиҳага кўра, ишлар Тошкент шаҳрининг 5 та маҳалласида турк компанияси, 6 та маҳаллада эса Италия компанияси томонидан амалга оширилади.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7-9 июнь кунлари Италияга амалга оширган ташрифи доирасида ўтказилган бизнес форумда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва Италиянинг «SACE» кредит агентлиги ўртасида учта йирик шартнома ва битта меморандум имзоланди. Уларга кўра, жами 2263,3 миллион еврога тенг 4 та йирик лойиҳа, шу жумладан, Тошкент ИЭСни модернизация қилиш, пойтахтнинг 6 та туманида газ поршенли қурилма ва сув иситиш қозонларини қуриш лойиҳаси, Юнусобод туманидаги 4-Иссиқлик маркази ҳудудида ҳар бирининг қуввати 4,3 МВтга тенг 24 та газпоршенли қурилма ва ҳар бирининг қуввати 130 МВтга тенг бўлган 4 та сув иситиш қозони бунёд этиш ишлари амалга оширилади.

Меморандумга асосан эса 1-,3-,5-,6-,7-,8-,9-,10-иссиқлик марказларида когенерацион қурилмалар барпо этиш орқали пойтахт аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади. Мазкур лойиҳа ҳам EPC+F, яъни қуриш ва тўлиқ ишга тушириш даражасида молиялаштириш шартига асосланган, – деди Р.Шамсиев.
Шунингдек, марказни 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида Шайхонтоҳур, Учтепа туманлари қозонхоналарини модернизация қилиш орқали қишки мавсумда истеъмолчиларни барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун режалаштирилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА