French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш мавсуми: 336 та ижтимоий соҳа объектида камчиликлар аниқланди
16:21 / 2022-10-24

Айни кунларда Энергетика вазирлигининг ишчи гуруҳлари томонидан жойларда ижтимоий соҳа обектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини текшириш мақсадида Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига қарашли муассасаларда профилактик ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 646 та муассасада қозонхона ва қозонлар, шунингдек, иситиш ва газ таъминоти тизимларининг техник ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида халқ таълими тизимида 178 та, соғлиқни сақлашда 171 та, мактабгача таълимда 35 та ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қарашли 12 та муассасада ва жами 336 та ижтимоий соҳа объектида камчиликлар аниқланди.

Жумладан, республика бўйича 227 та қозонхона ва 1056 та қозонларнинг техник ҳолати қониқарсизлиги, 206 та қозон ва 777 та газ ёндиргич ностандартлиги, 66 та муассасанинг иситиш тизимлари носозлиги ҳамда 272 та муассасанинг газ тармоқлари ва газ тақсимлаш қурилмалари техник талабларга мувофиқ келмаслиги аниқланган.

Ўтказилган ўрганишлар давомида мутахассислар томонидан аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича профилактик ва методологик ёрдамлар кўрсатиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мазкур вазирликларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

ЎзА