Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз-қиш даврида табиий газ таъминоти қандай бўлади?
18:05 / 2025-09-26

Ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларни куз-қиш мавсумига ҳозирлаш кечиктириб бўлмайдиган долзарб ва муҳим масалалардан биридир. Бу борада Наманган вилоятида коммунал хизмат кўрсатишда муайян ишларга киришилган.

Жумладан, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан аҳолини бир маромда хавфсиз табиий газ билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Хусусан, вилоятда фойдаланишда бўлган 5207,5 километр газ тармоқлари бўлиб, шундан 199,2 километр юқори босимли, 4456,6 километр ўрта босимли ва 551,7 километр паст босимли ер ости ва ер устида жойлашган газ тармоқларидир. Бундан ташқари вилоятда мавжуд 626 та газ тақсимлаш пунктининг 215 таси юқори босимли ва 411 таси ўрта босимли газ тақсимлаш пункти  ҳамда 250 таси газ қудуғига тўғри келади. 

– 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотини барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида Наманган вилоятидаги 24 километр газ тармоқлари мукаммал таъмирланиб, 3,7 километр газ тармоқлари реконструкция қилинди, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамаджонов. – Аҳоли хонадонларига табиий газни бир меъёрда етказиб берувчи вилоятдаги жами 660 дона газ босимини созлаш қурилмаси техник тафтишдан ўтказилиб, 53 дона янги замонавий газ тақсимлаш пункти ўрнатилди.

Совуқ кунларга тайёргарлик доирасида вилоят шаҳар ва туманларидаги 273,4 километр ер ости газ қувурларини босим остида зичликка синаш ишлари бажарилди ҳамда 380 километр газ қувурлари тартибга келтирилиб, бўёқланди. 

Қолаверса, ҳудудлардаги мавжуд юқори ва ўрта босимли узунлиги 827,2 километр ер ости газ қувурларида газ сизиб чиқиш ҳолатининг олдини олиш мақсадида махсус прибор ҳамда “Мобил лаборатория” ёрдамида тўлиқ текшириш ишлари олиб борилди.

Қайд этиш жоиз, ҳозирга қадар вилоят аҳолисининг табиий газ таъминотини уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказилиши муносабати билан 18 минг 190 хонадонга регуляторлар ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, бундай тайёргарлик ишларидан кўзланган мақсад, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, пировардида халқимиз розилиги ва фаровонлигини таъминлашдир. Бинобарин, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари ишчи-ходимларининг шу кунлардаги барча саъй-ҳаракатлари айни шу мақсад ижросига қаратилган.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.