Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Куз неъмати – қиш зийнати
15:24 / 2023-10-31

Глобаллашув жараёни янада чуқурлашиб бораётган ҳозирги дунёда ўзини англаган халқлар, яъни ёшлар тарбиясида тўғри йўлни танлаганлар етакчи бўлиб қолаверади. Келажак эгалари ёшлар эканини ҳеч ким инкор этмайди, албатта. Яқинда бир тўйда қатнашдик, сўз айтиш учун шеригим тўй соҳибидан икки тўй боланинг исмини қоғозга ёзиб беришса, дуода алоҳида зикр қилишини айтди. Тўй соҳиби чамаси ўттиз ёшлардаги келишган йигит экан. Тезда ручка-қоғоз олиб ёзиб берди. Қоғозга бир кўз югиртирсам иккита исм бешта хатолик билан ёзилган эди. Бу шошилинчда ёзилган дерсиз. Сабабларига тўхталмайликда, оқибати устида фикр юритайлик. Хўш, шундай дабдаба билан қилинаётган тўйга қилинган сарф - харажатнинг ҳисобини билиш қийин. Агар шу сарф - харажатнинг ўндан бирини болалик даврида илм олишига сарф этишганида, бу йигит нафақат пўрим кийиниб кўп пул топадиган тадбиркор бўларди, шу баробарида зиёли даражасида ёзадиган ва гапирадиган ҳамда фикрлайдиган бўлишига шубҳа йўқ эди.

Инсон умрини йил фаслларига ўхшатишади. Бу гапни бошқалар каби биз ҳам кўп эшитганмиз. Унда табиат бизга муаллим экан-да. Шундайми? Ҳеч шубҳасиз, ота-оналар фарзандларига тарбия бериши табиий ҳол, деймиз. Бунда ота-она “Келажакда фарзандим яхши одам бўлсин, бошқалардан кам бўлмасин”, деб нималар қилмайди, дейсиз. Бу туйғуни ҳар бир ота-она юрак-юракдан ҳис этади. Агар ўйлаганидек шароит қилиб беролмаётган бўлса, ўзининг имкониятларини ҳам уларга бағишлайди. Ота-оналик туйғуси, меҳри туфайли буларнинг бари. 

Шу жараённинг ҳикматини табиатга боғлаб ўргансак, сўзимиз қизиқроқ бўлса керак, деб ўйладим. Чунки ҳар бир тирик жоннинг энг яқин дўсти табиат. Агар табиатга ибрат кўзи билан назар солинса, бир марта берилган инсон умрининг имкониятлари янада кенгайиб кетади. 

Бу жуда ажойиб! Бир лекини бор. Бизга ибрат бўладиган ҳаёт мактаби кўз ўнгимизда турибди, дея оғизда айтамиз. Кўп ҳолларда гап гаплигича қолиб кетаверади. Яратувчи зот ер юзи ҳаётини бир-бирига чамбарчас қилиб яратганки, зарра миқдорида оғишган неки бор, ҳалокатга йўналади. Худди шундай, инсон ҳаёти ҳам. Бевосита оиладаги фарзанд тарбиясига келадиган бўлсак, бугунги кунда ота-оналар фарзандларига керагидан ортиқча меҳр кўрсатиб юбораётганга ўхшайди. Эътибор қилиши керак ўринларда бепарволик қилишади. Бола етти ёшдан ўн етти ёшгача илм ўрганиши, касб эгаллаши даври бўлса, шу жараёнда таълим-тарбия қўшиб олиб борилади. Бунда биринчи рақамли тарбиячи ота-она бўлиши шарт. Шартлиги шуки, фарзанд ота-онаники. 

Кузатилаётган жараёнларда эса бу ҳол сал бошқачароқ тус олганга ўхшайди. Ҳар бир фарзандга ўқувчилик даврида унга нисбатан меҳр ёки эътибор фақат илм олиши ва тарбияга йўналтирилиши талаб этилади, дедик. Бу жараёнга катталарнинг орзу ҳавасини аралаштириб юбормаслик керак. Ўзим гувоҳ бўлган ҳолатдан мисол, суннат тўйларнинг дабдаба билан ўтказилиши фарзанднинг келажагидек тасаввур қилинади. Ундай эмаслигини била туриб, шунга ўзимизни мажбурлаётганга ўхшаймиз. Шу тўй учун сарф-харажат қилинаётган маблағнинг катта қисмини фарзанднинг таълим олишига йўналтирилса, қандай бўлади? Тўйни қилиш керак, лекин меъёрида. Катталарнинг орзу-ҳавасига ёшларнинг келажагини алмаштириш мумкинми?

Оддий қилиб айтадиган бўлсак, аввало, ўқувчи мактаб партасида ўтириб, она тилида чиройли гапиришни, тўғри ёзишни ўрганиши таъминланади. Шу баробарида шаклланиб келаётган ёшлар қўшимча тил ўрганиши ёки бўлмаса ўзи меҳр қўйган, қобилияти бор ҳунарни эгаллаш даври. Сўзимизни яна табиатдан бир мисол билан хулосалайдиган бўлсак, тўйда фарзандларни гулу чечакка ўхшатишганига гувоҳ бўлдим. Келинг, болажонлар баҳор фаслидаги гулу чечаклар бўлсин, йигитлик даври ёз фаслидек жўшқин ўтсин, илм-ҳунар эгаси бўлгач, куз фаслидек ҳосил кўтарсин, соч-соқол оқарган қиш фаслига етиб борганда роҳатлансин. 

Абдулҳамид Жуманов,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

ЎзА