French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кувайт Ислом мерослари уйи бош директори: "Ўзбекистонга яна боришни интиқлик билан кутмоқдамиз"
13:14 / 2025-03-20

Кувайт Ислом мероси уйи мамлакатнинг Маданият, санъат ва адабиёт бўйича Миллий кенгаши назорати остида “Ас-Сабоҳ” ислом санъати тўпламини намойиш этиш учун ташкил этилган. Тўпламда Хитойдан Андалусиягача чўзилган ва ҳижрий I асрдан ХIII асргача бўлган даврларни ўз ичига олган 20 мингдан ортиқ ислом санъати дурдоналари мавжуд.

Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Кувайт Ислом мероси уйига ташриф буюрди.

У ерда эрамизнинг ХIХ асрига оид нодир китоблар тўпламини ўз ичига олган махсус кутубхона мавжуд. Унда ислом санъати ва цивилизацияси билан боғлиқ тадқиқотларни ёритувчи нашрлар  ўрин олган. Исломий асарлар уйида марҳум шайх Носир ва шайха Ҳасса томонидан йиғилган 30 минг дона қадимий буюмларга эга Сабоҳ коллекцияси мавжуд. Бу коллекция минтақадаги ислом ва араб маданий меросини акс эттиради

– Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясини қабул қилдик. Ушбу марказ жорий йил сентябрь ойида очилиши кутилмоқда. Биз бу жараёнда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни билдирамиз.  2018 йил марҳум Шайх Носир билан бирга Ўзбекистонга ташриф буюрган эдик. Юртингиз маданияти ва урф-одатлари, айниқса бозорлари бизга жуда ёққан эди. Ўзбекистонга яна боришни интиқлик билан кутмоқдамиз, – деди Кувайт Ислом мерослари уйи бош директори ўринбосари шайх Ануд Иброҳим ас-Сабоҳ.

Маълумот учун, Ислом санъати музейлари коллекцияси ранг-баранг бўлиб, Қуръон қўлёзмалари ва илмий асарлар, заргарлик, тўқимачилик, кулолчилик буюмлари, шиша, металь, тош, ёғоч, фил суяги, гиламлар каби ноёб дурдоналарни ўз ичига олади. Кутубхонада араб ва бошқа тиллардаги нодир китоблар ва маълумотномалар тўплами мавжуд, дейилади Ислом цивилизацияси маркази маълумотида.

Учрашув сўнгида шайх Ануд Иброҳим ас-Сабоҳга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан чоп этилган "Бухоро" китоб-альбоми тақдим этилди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА