Кувайт амири Навоф Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ 86 ёшида оламдан ўтди, дея маълум қилди “Етти кун” нашри. Бу машъум хабарни давлат телевидениеси орқали Амир девони ишлари вазири Муҳаммад Абдуллоҳ Ал-Муборак Ас-Сабоҳ эълон қилган. Марҳум Кувайтнинг ўн олтинчи, Буюк Британиядан мустақилликка эришилган даврдаги олтинчи амир ҳисобланади.
Шанба куни дунёдан кўз юмган амир Навоф Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ учун мотам тутамиз, - деди вазир.
Ноябрь ойи охирида соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли амир касалхонага ётқизилгани айтилган эди.
Навоф 1921-1950 йиллардаги Кувайт ҳукмдори шайх Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ авлоди. Сулоланинг яна бир вакили Сабоҳ Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ 2006-2020 йилларда мамлакатни бошқарган. Муборакия имтиёзли мактабида таҳсил олган. 1962 йилдан Хавалли вилояти ҳокими сифатида 16 йил фаолият юритган. Ички ишлар, Мудофаа, Меҳнат вазирликлари раҳбари, кейин Миллий гвардия қўмондони ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Вазирлар кенгаши акаси Сабоҳ IV вафотидан сўнг 2020 йил 29 сентябрь куни Шайх Навофни янги амир этиб тайинлади. Шу тариқа у энг кекса – 83 ёшли монархга айланди. Ҳукмронлиги даврида, яъни 2021 йил аёлларга қуролли кучларнинг тиббий ва ёрдамчи бўлинмаларида кичик офицер, мутахассис сифатида хизмат қилишига рухсат берди.
Энди ҳокимият 83 ёшли валиаҳд шаҳзода Мишол Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳга мерос қолади.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА