З.М.Бобур номли Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида “Конституцияда инсон қадри ва янги Ўзбекистонни барпо этишдаги масъулият” мавзусида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Давлат ва ҳуқуқ институти, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти, юрт, жамият равнақи, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Тадбирда мутахассислар, депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти, янгиланаётган конституцияга киритилган ўзгаришлар, янги модда ва нормалар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.
Тарғибот тадбири доирасида кутубхонада “Инсон ҳуқуқлари бурчаги” ташкил этилиб, бу ерга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид 200 га яқин адабиётлар совға қилинди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА