Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кутубхона – қалб ва тафаккур манзили
09:42 / 2025-11-24

Кутубхона – илмнинг энг ҳалол устози. У ҳеч кимни камситмайди, ҳеч кимни ортиқ кўрмайди, ҳар бир ташриф буюрган кишига имкон беради: ўқишни хоҳлаган учун – билим, излаётган учун – жавоб, тасалли истаган учун – руҳий қувват беради. Кутубхона бағрига кирган одам ўзига таниш жимликни ҳис қилади: бу жимлик бефарқлик эмас, балки фикрлар куйлайдиган, руҳ уйғонадиган сокинлик.

Китоблар хотирасида тарихнинг излари, буюк алломаларнинг донишмандлиги, замондошларнинг орзу-умидлари яшайди. Инсон шу сукунат ичида ўзини топади, юраги кенгаяди, ақли чархланади. Кутубхона – бу шунчаки китоблар сақланадиган жой эмас. Бу инсон қалбини осойишталикка чорловчи макон, тафаккурни кенгайтириб, фикрларни чархлайдиган маскандир. Ҳар бир китоб жовони – минглаб дунёлар эшиги, ҳар бир саҳифа эса инсонни ўзига чорлайдиган сеҳрли йўл.

Кутубхона босма ва айрим қўлёзма асарлардан оммавий фойдаланишни таъминловчи маданий-маърифий ва илмий муассаса. Мунтазам равишда босма асарлар тўплаш, сақлаш, тарғиб қилиш ва китобхонларга етказиш, шунингдек, ахборот-библиография ишлари билан шуғулланади, омманинг маданий савиясини оширишда фаоллик кўрсатади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш кутубхонанинг асосий фаолияти бўлиб, қолган барча йўналишлар асосий фаолият учун хизмат қилади. Китобхонларга хизмат кўрсатишнинг асосий мақсади уларни ахборот ва адабиётга бўлган талабларини имкон қадар тўлиқ таъминлаш ва адабиёт танлашларига ёрдам беришдан иборат. 

Бундан ташқари, йирик кутубхоналар босма нашрларнинг тўлиқ ёки қисман назорат нусхасини олиш ҳуқуқига эга, шунингдек, улар учун мамлакат ичида ва чет мамлакатлардан китоблар сотиб олиш имкони яратилади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш даражаси кутубхона фондини тўлиқ тўплашга бирмунча боғлиқ. Китоб фондини тўғри ташкил қилиш (ҳисобга олиш, жойлаштириш, сақлаш ва китобхонга етказиш) китобхонга адабиётдан фойдаланишни, кутубхоначига эса китобхонга тез хизмат кўрсатишни, фондни ижтимоий мулк сифатида сақлашни таъминлайди. 

Ҳар бир китоб билан инсон бир макон, бир замон, бир ҳаёт билан танишади. Шунинг учун ҳам кутубхона – қалбни поклаб, тафаккурни бойитадиган эн гўзал манзил. 

Кутубхона эшиклари ҳар доим очиқ. У ерга кирган одам нафақат адабиётни, балки ўзини ҳам кашф қилади. Кутубхона – инсоннинг маънавий паноҳи, руҳий баландлик сари элтувчи йўлбошчидир. Кутубхона – инсонни дунёга бошқача нигоҳ билан боқишга ўргатувчи тарбия маскани. Ундаги ҳар бир китоб қалбга йўл топувчи маёқ, нур таратувчи шамчадир. Китобларни варақларкан, инсон ичидаги саволларига жавоб, аламларига малҳам, орзуларига эса қанот излаб топади. Шу жиҳатдан кутубхона – руҳнинг саёҳат боғи, тафаккурнинг муқаддас суҳбатхонаси.

Жамият учун кутубхона – бу таълим ва тенг имконият маркази. Ҳар бир шаҳар ва қишлоқ кутубхонаси ўқувчилар, талабалар ва тадқиқотчилар учун билимга кириш эшигини очади. Кутубхона орқали ҳар бир инсон, ижтимоий қатламидан қатъий назар, билимга ва имкониятга эга бўлади. Бу эса ўз навбатида, ижтимоий тенглик ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили ҳисобланади. Китоб ўқиш ва кутубхона инсонни танқидий фикрлашга, яратувчанликка ва ижодий тафаккурга ундайди. Ўқувчилар кутубхонада янги дунёларни кашф қилади. Ҳозирги замон кутубхоналари энди фақат китоблар билан чекланмайди. Рақамли кутубхоналар, электрон китоблар, онлайн каталоглар ва ижодий лабораториялар замонавий кутубхоналарнинг ажралмас қисмига айланган. 

Кутубхона семинарлар, маданий тадбирлар ва онлайн курслар орқали жамиятни билим билан боғлаб туради. Шу билан бирга, кутубхона ёшларни рақамли дунёда билим ва тафаккурга йўналтиришда катта роль ўйнайди. Рақамли технологиялар кучайган замонда ҳам кутубхона чуқур билим маскани бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда кутубхона нафақат маданий мерос, балки барқарор маънавий ривожланишнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Ҳар бир китоб, ҳар бир саҳифа – бу инсон руҳининг ойнаси. Кутубхона эса шу ойналарнинг минглаб, миллионлаб йиғиндиси бўлиб, бизни билим ва тафаккур оламига олиб киради. Ҳозирги замонда интернет ва рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган бўлса-да, кутубхоналар ҳали ҳам чуқур билим ва маънавият маскани сифатида ўз ўрнини сақлаб келмоқда. Ҳар бир кутубхона авлодлар билими, маданияти ва ижодий меросини сақлаб келади. Ҳар бир китоб, ҳар бир қўлёзма, ҳар бир тарихий манба бизга ўтган асрларнинг ҳикояларини етказади ва шу орқали биз ўзимизни дунё билан боғлаймиз. 

Шу билан бирга, кутубхона инсонни тарбиялайди. Китоб танлаш маданияти, ўқиш одати, илмга муҳаббат – буларнинг барчаси кутубхона муҳитида шакллантирилади. Бу маскан инсонни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайди, ундаги китоблар эса ҳар доим суҳбатга тайёр. Кутубхона – кеча ва бугун, анъана ва замонавийлик, оқилона тафаккур билан юксак орзуларни боғлаб турувчи кўприк. Бу кўприкдан ўтган инсоннинг дунёқараши ўзгаради, маънавий бойийди, қалби янгиланади. 

Шу сабабли, кутубхонага кириш – бу аслида ўзимизга кириш, ўзимизни излаш ва топиш йўли. Ҳар бир ўқувчи, талаба, тадқиқотчи ёки оддий китобсеварлар учун кутубхона ҳар доим очиқ, ҳар доим кутиб турадиган илҳом манбаи. Кутубхоначи – бу масканнинг юраги. У ҳар бир китобнинг қаерда турганини, қайси мавзу қайси жовонда жойлашганини, кимга қандай адабиёт кераклигини жуда яхши билади. Уларнинг самимий йўриқлари кўпинча китобхонлар учун янги имконият эшигини очади. 

Замонавий кутубхоналар электрон каталоглар, мультимедиа ресурслари ва интернет билан бойитилиши эса ўқиш жараёнини янада осонлаштиради. Кутубхоналар ўз бағрида тарихни ҳам асраб туради. Қўлёзмалар эски нашрлар, нодир асарлар – буларнинг барчаси ўтмишнинг нафаси, авлодлар тажрибаси, инсоният хотираси сифатида аҳамиятли. Улар бугун ҳам ўқувчига фикр, сабоқ беради, уни ўзидан олдинги авлодлар билан боғлайди. 

Кутубхона – келажак сари элтувчи кўприк. Ундаги ҳар бир китоб инсон тафаккурини бойитади. Кутубхона – қалбга хотиржамлик, ақлга озуқа, руҳга эса юксалиш бағишлайдиган беқиёс макон. Шунинг учун ҳам “Кутубхона – қалб ва тафаккур манзили” дейилади. Бу ҳақиқатни ҳис қилиш учун камида бир марта кутубхонага кириш, китоб, журнал ва газеталардан варақлаб, уларни юракка тушадиган сеҳрини тинглаш кифоя. 

Наргиза МУҚИМОВА,

Бухоро вилояти Академик Тўра Мирзаев 

номидаги Шофиркон туман 

Ахборот - кутубхона маркази мутахассиси 

ЎзА