Кутубхонадан кўра дорихона кўп кўчалар учун «Тиб қонунлари» керак
Мана, қарийб олти ойга яқин бутун дунё, юртимиз ҳам Covid-19 балосига қарши курашиб келмоқда.
Мана, қарийб олти ойга яқин бутун дунё, юртимиз ҳам Covid-19 балосига қарши курашиб келмоқда. Кимдир дорихонага югурган, кимдир антибиотик ва қимматбаҳо дориларга қўл силтаб халқ табобатига юзланган. Кимдир эса табиблар султони Абу Али Ибн Сино авлоди эканлиги эсига тушиб, умрида эшитмаган Хрен (ер қалампир) ўсимлиги дамламасидан шифо изламоқда. Тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
Пандемия даврида Ибн Сино авлодларининг тиббий маданияти ва табобатга оид дунёқарашини ошириш учун «Сарой жавоҳири» сериали «Ўзбекистон» телеканали орқали намойиш этилди. Зиёлилар ўйлаб қолди. “Қани эди, ҳамшира Тангем эмас, табобат тарихида илк бора вабо билан ўлатнинг фарқини аниқлаб, уларни алоҳида (эътибор беринг, карантин ҳолати) даволашни бошлаган, сариқ касаллиги, мохов, қизамиқ, сувчечак, куйдирги, зотилжам, менингит, захм, ошқозон яраси каби касаллик белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаган буюк аждодимиз Ибн Синонинг XXI асрдаги авлодлари оддий бош оғриғи учун ҳам антибиотик ичмасдан қўл бош бармоғи ва кўрсаткич бармоғи ўртасидаги асаб нуқтасини уқалашдек муолажадан хабардор бўлса, дея кўнглидан ўтказмоқда.
Коронавирус асосан ўзи билан сурункали бошқа йўлдош ўпка, буйрак етишмовчилиги, юрак-қон томир касаллиги ҳатто семизлик каби касаллик билан мунтазам оғриб келган беморларни олиб кетаётганидан ҳушёр бўлдик. Агар Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари худди мунажжимлар башорати китобидек столимиз устида турганида эди, бугунги авлод кутубхонадан кўра ошхона-ю дорихона кўп кўчаларда кезиб юрмасмиди?!
Бугун Covid-19 фақатгина юзимизга ниқоб тақишни эмас, китоб жавонларида бугунги авлодга илҳақ «Тиб қонунлари» саҳифаларини варақлашга ундамоқда.
Демак, 1983 йилда профессор У.И.Каримов, Ҳ.Ҳикматуллаев томонидан иккинчи нашрга тайёрланган «Тиб қонунлари»нинг илк китобидан ўзимиз учун «тафаккур оролчалари»ни излаймиз.
БОШ СУЯГИ НЕГА ЯХЛИТ СУЯК ЭМАС?
Табибнинг фикрича, бош суякнинг яхлит эмас, алоҳида чоклардан тузилганлиги, юмалоқлигининг ҳикмати бисёр.
Айтайлик, агар калла суягининг бир қисми зарарланса, синиш ёки чириш кузатилса, бу бутун бош суягига тарқамайди. Бу пешонасини уриб олган болакай орқа мияси оғриётганидан шикоят қилмайди, дегани. Миядаги чокларнинг ҳам ўз вазифаси бор. Улар бош суяги қалинлиги оқибатида миядан ажралиб чиқадиган буғларни тепага чиқариш учун «йўлак» вазифасини бажаради. Мияда ҳарорат мувозанати сақланади. Миядаги артерия томирлари айнан чок пардалари «ҳимоя ёстиқчалари»остида жойлашганлиги учун мияга тегмайди, томирлар эзилиб кетмайди. Бош суяги юмалоқ бўлганлиги учун кўп майдонни ўз ичига олади, юмалоқ шакл бурчакли шакл таъсирлангандан кўра камроқ зарбани сезаркан. Бундан ташқари, бош суякнинг чўзинчоқ эканлигининг яна бир хосияти шу шаклда ўсиб чиқадиган мия асабларининг сиқилиб қолмаслиги, пешонанинг икки чети ва орқа бош суяги пастида бўртиб турган дўнгликлар эса пастга тушадиган асаб тизимини ҳимоя қилиб тураркан.
Бурун суягининг пастки учидаги иккита юмшоқ тоғай эса бемалол нафас олиш учун, икки тоғай ўртасидаги қаттиқроқ тоғайча эса миядан келаётган чиқиндиларни буруннинг икки тешигига буриб юбориб мияни мунтазам тоза ҳаво билан таъминлашга хизмат қиларкан.
Олимнинг фикрича, бурун ичидаги ковак ҳавонинг тўпланиб, мияга боргунча илиб мўътадиллашиши, бурундаги ҳидлаш аъзолари учун ҳавони жамлаш, бурун товушларини чиқарадиган сурнай тешикчаларининг ёпилиб қолмаслиги учун хизмат қиларкан.
КАФТДАГИ АСКАРЛАР...
Табиб фикрича, гавда терисининг энг мўътадили қўл териси бўлиб, қўл терисининг энг мўътадил жойи кафт, унинг энг мўътадили кафт ўртаси, энг мўътадили бармоқлар, энг мўътадили кўрсаткич бармоғи, энг мўътадил жойи эса бармоқ учи терисидир. Шунинг учун, кўрсаткич бармоқ ва бошқа бармоқларнинг учлари тегиниб билинадиган нарсалар мияга сигнал жўната олади.
Бармоқлар фақат гўштдан ёки яхлит суякдан тузилганда худди қумурсқа ва балиқ каби бир хил ҳаракат қиларди. Табиб фикрича, бармоқ суяклари учтагинадир. Чунки суяклар кўп бўлса, функцияси кўпаяди, оқибатда бирор нарсани маҳкам ушлай олмайди. Иккита бўлганда қаттиқ, аммо ҳаракатчанлиги заиф, яхлит бўлганда эса титраб турадиган, бир хил ҳаракат қиладиган, аммо зич ушлай олмайдиган бармоқларга ўхшаб қолади.
Бармоқлар бир хил ҳаракатланиши учун суяклар катталашиб юқорига қараб ингичкалашган. Зарбаланмаслик учун бармоқ учидаги суяклар айлана ҳолатга келтирилган. Бу суякларда илик ёки ковак йўқлиги учун уқалай олади, бармоқлар бир-бир билан яхши жипслаша олади.
Асарда айтилишича, бош бармоқ ва жимжилоқ бармоқ бир томонга эгилган. Сабаби, сиқиш пайтида улар юмалоқ шакл ҳосил қилади. Натижада буюм яхши сиқилади. Бармоқларнинг ташқи томони гўшт билан қопланганда улар оғир бўлади. Шунинг учун ички томони гўшт билан қопланган. Бу эса улар сиқилганда зарба беришга имкон яратади.
Бармоқлар узунлигига кўра ўрта бармоқ, ундан кейин номсиз бармоқ, сўнгра кўрсаткич ва охирида жимжилоқ туради. Бир қарашда нотекис жойлашган аскарларга ўхшайди. Бармоқларингизни сиқинг. Барчаси баробар, улар билан бош бармоқ ҳам бир хил жойлашган. Бу ушлаш ва сиқиш кучини кўпайтиради.
Жимжилоқ ва номсиз бармоқлар остдан кафт ушлаган нарсани беркитиб туради.
Эътибор беринг, фақатгина бош бармоқ кафт суягига бирлашмаган. Сабаби, оддий. Тўртта бармоқ бир нарсани ушласа-ю, қарама-қарши томондан бош бармоқ ушламаса, оғирроқ жисм тушиб кетади. Арқонни маҳкам ушлаганингизни эсланг. Бармоқ бўғимлари тоғайсимон пардалар билан ўралган, бармоқлар оралиғи эса «кунжутсимон суяк» билан тўлдирилган экан.
Хулоса ўрнида, бу ҳали буюк аждодимиз бой мероси уммонидан бир томчи. Ҳали китобда тасвирланган инсон елкасидаги кўзлар, умуртқа поғонасидаги тишлар ҳақидаги хулосалар кўпроқ «Тиб қонунлари»дек илм уммонидан «тафаккур оролчалари»ни излаб топишга ундайди.
Гулруҳ Давронова,
Навоий вилоят «Тафаккур»
ёшлар тарғибот маркази координатори