Кутилмаган вазиятда кутилмаган қарор (ОНЛАЙН)
Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисм сержанти Жамолиддин Қосимов алоқачилар билан машғулотни якунлаб, мерганлар таълим оладиган хонага йўналди.
ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ БИР КУНИ...
Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисм сержанти Жамолиддин Қосимов алоқачилар билан машғулотни якунлаб, мерганлар таълим оладиган хонага йўналди.
Қаҳрамонимизга эргашиб, синфга кирганимизда, ажабтовур либосдаги одамларни кўриб, аввалига чўчиб кетдик. Улар қиш, баҳор ёз ва куз фаслига мос равишда ниқобланган мерганлар эканини билгач, хотиржам бўлдик. Бизнинг ҳолатимиз уларнинг кулгисига сабаб бўлгани ҳам рост.
Бугунги мавзу “Тўғри нишонга олиш, ниқобланиш, жойни танлаш, узоқ ва яқин масофаларда қуролларни самарали қўллаш методлари” бўлгани ва бу бизга ҳам қизиқлиги учун диққат билан тинглашни бошладик.
Биз учун қизиқ бўлганларини сизга ҳам илиндик. Мерганлар баландлик, текислик ва бино ичида жойлашиши мумкин. Қорда ниқобланишда қуёш нури ва қорнинг кўплиги ҳисобга олинар экан. Шунингдек, душман келадиган барча йўллар кўриниб туриши керак. Энг муҳими эса сиз танлаган жой кўзга ташланмайдиган, ўзига жалб қилмайдиган ва шубҳа уйғотмайдиган бўлиши шарт. Ниқобланишда шароитдан келиб чиқиб, табиат рангларидан кўпроқ фойдаланилар экан. Шу боис ёзда яшил ва сариқ, баҳорда кўк, кузда сариқ ранг танланади.
Сабоқ якунида мергандан бошқаларга ўхшамаган қандай хусусиятлар талаб этилиши ҳақида сўрадик.
– Энг аввало ўткир нигоҳ ва ақл керак бўлади, – дейди Ж.Қосимов.– Сабр-тоқат, кучли идрок, кенг дунёқараш, вазминлик ҳам муҳим. Асаблар ана шу мақсадларга бўйсундирилган бўлади. Баъзи ҳолатларда мерганлар 2-3 кун оч-наҳор қолиб кетиши мумкин. Агарда чидамли ва кучли жисмоний тайёргарлик соҳиби бўлмаса, бардоши етмаслиги мумкин. Кейинги вақтларда минтақадаги, жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда отиш машғулотларининг усул ва услубларини такомиллаштирган ҳолда синовдан ўтказяпмиз.
Шу ўринда хорижий давлатларнинг мудофаа идоралари билан халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик ҳақида эслаб ўтмоқчимиз.
Туркия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Буюк Британия ва бошқа қатор хориж мамлакатлари мудофаа академиялари, стратегик тадқиқотлар марказлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Албатта, бу соҳадаги энг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиш ва уларни атрофлича таҳлил қилиш, мавжуд билимларни янада бойитиш, шунингдек, Қуролли Кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш бўйича замонавий тажрибани чуқур ва пухта эгаллаш имконини бермоқда.
Бу борада 2019 йилда ҳам қатор ҳамкорлик машғулотлари олиб борилди. Жумладан, Шарқий ҳарбий округга қарашли “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида “Марказ – 2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқувлари ўтказилди. “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги ҳаво десант бўлинмалари Россия Федерацияси Қуролли Кучлари ҳаво десант бўлинмалари билан ҳамкорликда жанговар машғулотлар олиб борди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги “Дўстлик – 2019” тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.
Қўшинларда янги жорий этилган анъана “Мен ғолиб!” шиоридан хабарингиз борми? Бу ҳақида билишни истасангиз сайтимизни кузатишда давом этинг.