Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, “Ҳаракатлар стратегияси”дан “Тараққиёт стратегияси” сари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирни академия бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида изчил ва самарадор ишлар амалга оширилаётгани, турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи янада яхшиланаётгани, давлатимиз раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилаётганини таъкидлади.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 7-йўналиши “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш”даги 92-мақсадида “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш” белгилаб берилганини алоҳида эътироф этди.

– Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди, – деди капитан Фирдавс Каримов.– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва фидокорона меҳнати билан юртимиз тараққиётини юксалтириш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишда ёшларнинг ўрни беқиёс, десак муболаға бўлмайди.
Якунда курсантлар ва бошқа иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА