Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама баркамол, юксак билим ва замонавий кўникмаларга эга мутахассислар этиб тарбиялаш, уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада таълим муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, замонавий технологиялар асосида кадрлар тайёрлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар доирасида Фарғона давлат университетида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов соҳа проректорлари ҳамроҳлигида ҳарбий таълим факультетига ташриф буюрди.

Ректор курсант талаба-ёшлар билан мулоқот давомида бугунги глобаллашув даврида соҳа вакиллари учун фақатгина жисмоний куч эмас, балки юксак интеллектуал салоҳият ҳам зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, Амир Темурнинг “Билаги зўр – бирни, билими зўр – мингни енгар” деган ҳикмати бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани қайд этилди. Қатъий интизом, чуқур билим ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбия топган ёшларгина юртнинг ҳақиқий посбони бўла олиши таъкидланди.

Шунингдек, ректор факультетда янги ташкил этилган учувчисиз учиш аппаратлари – дронлар ва уларни бошқариш бўйича ўқув-амалий машғулотлар жараёни билан яқиндан танишди.
– Дронлар билан ишлаш кўникмаси бўлажак мутахассисларимизнинг профессионал тайёргарлигида муҳим ўрин тутади, – деди университет раҳбари.

Ташриф давомида курсантларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА