French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Курсантлар билдирилган ишончни оқлашга ваъда берди
12:08 / 2021-06-07

Бундан икки ой олдин Ички ишлар вазирлиги академиясида иқтидорли курсантлар кенгаши ташкил этилган эди.

Куни кеча таълим муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов кенгашга аъзо ёшлар билан учрашди.  

Мамлакат истиқболи униб-ўсиб келаётган навқирон авлоднинг билим салоҳияти, эзгу мақсад сари интилишига боғлиқ. Шу маънода, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик қилиш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Келажагимиз ворислари учун яратилаётган улкан имкониятлар уларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, бир сўз билан айтганда, ҳаётда муносиб ўрин топишида муҳим пойдевор бўлмоқда.  

– Бугун қай бир соҳани олманг, кучли рақобат муҳити ҳукм сурмоқда, –деди ўқув даргоҳи бошлиғи полковник Рустам Хатамов. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳам йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Демак, ёшларимизнинг билим салоҳияти, дунёқараши жамиятимизда кечаётган янгиланишларга мос бўлиши керак. Муҳтарам Президентимиз “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” дея ёш авлодга улкан ишонч билдирдилар. Ёшларимиз бу юксак масъулиятни чуқур англаб, шижоат ва интилишларини буюк мақсадларга сафарбар этиши лозим.

Очиқ мулоқотда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, таълим жараёнига татбиқ этилаётган янгиланишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида маълумотлар берилди. Тенгдошларига ибрат бўлаётган курсантлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

– Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган тарихий даврда яшаяпмиз, – деди 1-босқич курсанти Муҳаммадмирзохон Аълохонов. – Мамлакатимизнинг эртанги куни биз каби ёшлар қўлида экан, бунинг учун нафақат ўқиб-изланишимиз, балки она Ватанга бўлган меҳру муҳаббатимизни ҳам намоён этишимиз керак. Мен тенгдошларимни билим олишга, улкан имкониятлардан оқилона фойдаланишга чорлаб келаман. Чунки биз жаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларнинг ворислари эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.  

Самимий руҳда ўтган тадбир давомида ёшлар томонидан илғор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, юридик таълимга ихтисослашган олий таълим муассасалари ёшлари ўртасида “Ёш илмий изланувчилар” клубини ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликда тажриба алмашишни кучайтириш, “Волонтёр – курсантга мададкор” жамоатчилик гуруҳини ташкил этган ҳолда хорижий тилларни мукаммал билган курсантлар томонидан ўз тенгдошлари учун машғулотлар ўтказилишини йўлга қўйиш, курсантларнинг касбий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида мутахассислик йўналишлари ўртасида билимлар беллашувларини ўтказиб бориш, сайёр суд мажлисларини ўтказишга мўлжалланган махсус ўқув-методик хона барпо этиш, вазирлик тасарруфидаги академик лицейлар ҳамда ўрта таълим масканларида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини олиб бориш, хорижнинг турдош олий таълим муассасаларида қўлланилаётган илғор тажрибаларни ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш борасида билдирилган мулоҳазалар қўллаб-қувватланди.  

Академия бошлиғи кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёж ва талабдан келиб чиқиб амалиётга янги механизмлар жорий қилинаётгани, тизим фаолиятининг самарадорлигини юксалтириш ёшларнинг етук салоҳияти, касбий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллаши билан чамбарчас боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлади.  

– Иқтидорли курсантлар кенгаши ўз мавқеи ва нуфузига муносиб бўлиши керак, – деди Р.Хатамов. – Бу ерда йиғилганлар тенгдошларига ўрнак бўлиш баробарида, илғор ғоя ва ташаббуслари билан ёшларни бир мақсад сари бирлаштиришда фаол бўлишлари керак. Инновацион ва креатив фикрлаш, замонавий технологиялар ва тилларни мукаммал ўрганиш, ўз касбининг сир-асрорларини пухта ўзлаштириш ёшларимиз учун ҳаётий шиор бўлсин. Чунки илм-маърифатсиз ҳеч бир соҳа тараққиётга эришмайди.

Мулоқот сўнггида таълим муассасаси олдида турган устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, кенгашнинг иқтидорли курсантлари мунтазам равишда рағбатлантириб борилиши, уларнинг муносиб билим олиши ва хориж тажрибасини ўрганиши учун кенг имкониятлар яратилиши, ўқиш давомида эришаётган ютуқлари республика миқёсида оммалаштирилиши, шунингдек Академияни муваффақиятли тамомлаганларидан сўнг ҳудудлардаги жамловчи ички ишлар органларига лавозимга тайинлашда устунлик бериш тўғрисида тавсияномалар юборилиши айтиб ўтилди.  

Ёшлар билдирилган ишончнинг қадрига етиб, келгусидаги фаолиятларини “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” деган эзгу тамойил асосида давом эттиришга, зиммаларига юклатилган масъулиятни муносиб оқлашга ваъда бердилар.

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ Академияси Ахборот хизмати ходими