Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Ободон маҳалласида яшовчи Улуғой Раҳимова анча йиллардан буён ишсиз эди. Уй-рўзғор ташвишларидан ортмасди. Шу боис “Аёллар дафтари”га ҳам киритилиб, ижтимоий ёрдамлар олиб турди, лекин қўлдан берганга қуш тўймас деганларидик ўйлаб-ўйлаб куркачилик тармоғини кенгайтиришни мақсад қилди. Боиси қишлоқ шароитида доимий равишда товуқ ва курка парваришлаб келган. Шунинг учун уларни парваришлаш ва кўпайтириш қийин бўлмади.
– Курка жуда баракали парранда, – дейди Улуғой опа. – Бир мавсумнинг ўзида 100 тагача жўжа очиши мумкин. 5 та урғочи курка билан ишни бошлаган бўлсам ўша йилнинг ўзида очиб чиққан болаларининг ҳисобига уларнинг сони 100 тага етди. Хўроз куркаларни етилтириб сотдик, урғочиларини кўпайтиришга сақлаб қолдик. Натижада куркачилик мени тадбиркорга айлантирди.

Улуғой Раҳимова тақдим этилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, кичик тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. У дастлаб 100 дона курка жўжа парваришлашни бошлаган бўлса, бугунга келиб уларнинг сонини 1000 тага етказишга муваффақ бўлди.
– Авваллари уй шароитида иш бошлагандим. Маҳалламиз фаоллари ёрдамида бино ажратилиб, ишимни кенгайтириш имкони бўлди. Энди нафақат ўз оиламга, балки бошқаларга ҳам фойдам тегаяпти, – дейди тажрибали паррандачи.

Айни пайтда парваришлаётган куркаларнинг гўшти ички бозорга чиқарилмоқда. Бу нафақат оиласига барқарор даромад келтираётир, балки маҳалладаги иқтисодий фаолликни ҳам оширмоқда.
Улуғой Раҳимова фаолиятини фақат даромад манбаи сифатида эмас, балки ижтимоий масъулият деб ҳам билади. У кам таъминланган оилаларга 40 тагача курка жўжа ва бир ойлик емни бепул бериб, уларни ҳам тадбиркорликка йўналтирмоқда. Тайёр бўлган маҳсулотни эса ўзи сотиб олиб, оилаларнинг қўшимча даромад топиши ва гўштга бўлган эҳтиёжини қондиришга кўмаклашмоқда.

Бундай мисоллар меҳнатсеварлик, иқтидор ва меҳр-оқибат уйғунлашган жойда барқарор ҳаёт сари ишонч билан қадам ташлаш мумкинлигини исботлаб бермоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири