Ироқ шимолидаги Сулаймония шаҳри яқинида Курдистон Ишчи партияси (КИП) ўнлаб жангарилари пулемёт ва милтиқларини ёқиб юборган. Бу маросим Туркияга қарши жанговар ҳаракатни тўхтатиш йўлидаги илк қадам сифатида баҳоланяпти.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған КИПни қуролсизлантириш бошланганини олқишлаб, бу воқеани мамлакатнинг ғалабаси сифатида эътироф этди.
– Жангари гуруҳларнинг ўнлаб йиллар давом этган исёнига чек қўйилмоқда, Туркия тарихида янги саҳифа очилмоқда, – деди у. – 47 йиллик террор ниҳоясига етди.
КИП ҳаракатига 1999 йилдан бери Истанбул яқинидаги Имроли оролида қамоқда сақланаётган Aбдулла Ўжалан етакчилик қилар эди. У февраль ойида ҳаракатни расман тарқалиш, қуролсизланишга чақиргач, шундай қарор қабул қилинган.
Қурол ташлаганлар ўзини “тинч ва демократик жамиятнинг бир бўлаги” деб атаган. Уларнинг ёзма баёнотида шундай дейилган:
– Қуролни ўз ихтиёримиз билан ташлаяпмиз. Эркинлик ва тараққиётга демократик сиёсат ва ҳуқуқ йўли билан эришамиз.
Қуролсизланиш жараёни бир неча ой ичида якунланиши кутиляпти. Туркия ва Курдистон Ишчи партияси ўртасида можаро бошлангандан бери 40 000 га яқин одам ҳалок бўлди. Шунингдек, Курд ҳарбий-сиёсий ҳаракати Европа Иттифоқи, Туркия, AҚШ ва бошқа айрим давлатлар томонидан террор ташкилоти сифатида тан олинган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Gk1xmUb4z-U" title="Kurdlar qurollarini tashlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА