Халқаро кураш институтининг навбатдаги йиғилишида 2026 йилга мўлжалланган стратегик лойиҳалар тақдим этилди. Ушбу ташаббуслар миллий спортимиз — курашни халқаро майдонда янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Йиғилишда кураш тарғиботини кучайтириш мақсадида икки янги нашр — кенг жамоатчилик учун мўлжалланган «Кураш ҳамма учун» қўлланмаси ҳамда курашнинг илмий асослари ва замонавий тенденцияларини ёритувчи «Kurash Today» илмий-оммабоп журнали тайёрланаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, халқаро мураббийлар малакасини оширишга қаратилган 3 ойлик онлайн курсларнинг янги гуруҳини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу курслар курашда ягона халқаро стандартларни жорий этишга хизмат қилади.
Спортчилар саломатлиги масаласи ҳам эътибор марказида бўлиб, антидопинг қоидаларига риоя қилиш, жароҳатларнинг олдини олиш ва замонавий спорт тиббиёти ютуқларига бағишланган онлайн семинар ўтказилиши белгиланди.

Йиғилиш давомида Халқаро кураш институтининг 2026 йил учун расмий экспертлар гуруҳи таркиби ҳам эълон қилинди. Мазкур мутахассислар йил давомида курашнинг халқаро стандартлари асосида таълим бериш ва ўқув дастурларини такомиллаштиришга масъул бўлади.
Умуман олганда, белгиланган лойиҳалар курашни нафақат спорт тури, балки илмий, таълимий ва соғлом турмуш тарзи тарғиботининг муҳим қисми сифатида жаҳон миқёсида янада оммалаштиришга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА