Курашчиларимиз қитъа чемпионатида 18 та медални қўлга киритди
Бугун, 7 сентябрь куни Таиланднинг Чонбури шаҳрида кураш бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати баҳслари ўз ниҳоясига етди.
Икки кун мобайнида қитъанинг 12 та давлатидан маҳоратли йигит-қиз курашчилар 16 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Муросасиз баҳслар натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 13 та олтин, 1 та кумуш ҳамда 4 та бронза медалига мушарраф бўлишди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Хуршидбек Чориев, Ҳаётбек Ғайбуллаев, Қувонч Саъдинов, Нодирбек Мавлонбердиев, Аҳрор Зиёдуллаев, Жасур Худойназаров, Асрор Ҳамидов каби ёш курашчиларимиз мусобақанинг олтин медалларига эга чиқишди.

Қитъа чемпионатида медаллар жамғаришда умум жамоада 1-ўринни эгаллаган Ўзбекистон спорт делегацияси 9 сентябрь куни Тошкентга қайтиб келади.

Т. Рўзиев, ЎзА