Мўъжизалар юрти Мисрда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун мусобақалар ўтказилади
Қадимий Нил водийси. Ливия саҳроси. Ям-яшил экинзорлар-у, фусункор пальмалар майдонига туташиб кетган сап-сариқ қум тепаликлар адоғида ғайритабиий тоғлар кўзга ташланади.
Бу тоғларнинг қораси узоқдан, Қоҳира шаҳридан ҳам кўриниб туради.
Ғаройиб кўриниш, геометрик аниқлик, тарихий жозибадорлик, қудратли улуғворлик – Миср эҳромларида мужассам.
Мисрда ўзбек миллий спорти – кураш бўйича мусобақалар ўтказилади. Ота-боболаримиздан мерос сўзлар – кураш иборалари Африка қитъаси узра кенг таралади.
Кураш бўйича катталар ва ёшлар ўртасида Африка чемпионати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Kurash–World Series Pro турнирининг Африка қитъаси саралаш мусобақаларига Коҳира шаҳри жорий йилнинг 7-13 июль кунлари мезбонлик қилади.
Халқаро кураш ассоциацияси, Африка кураш иттифоқи, Миср кураш қўмитаси, Миср миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур мусобақаларда қитъанинг энг кучли полвонлари куч синашади.
Кураш баҳслари Қоҳиранинг энг йирик ва замонавий “Complex Heliopolis” ёпиқ спорт мажмуасида ташкил этилади. Мазкур комплекс 1991 йилда қуриб фойдаланишга топширилган бўлиб, 4 та ёпиқ мажмуадан иборат. 16 минг томошабинни сиғдира оладиган комплекснинг футбол залида FIFA доирасида кўплаб халқаро учрашувлар ўтказилган.
Мусобақа дастурига асосан айнан шу кунлари Африка кураш иттифоқининг бошқарув йиғилиши, ҳакамлик ва мураббийлик семинари ва имтиҳонлари, катталар ва ёшлар ўртасида Африка қитъаси чемпионати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун World Series Pro турнирининг Африка қитъаси саралаш босқичи тадбирлари ташкил этилади.
Халқимизнинг азалий қадриятлари, анъаналарини ўзида мужассам этган кураш мусобақалари Мисрда илк маротаба ташкил этилмоқдаки, бу, Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари бардавомлик касб этаётганлигидан далолатдир.
Т.РЎЗИЕВ, ЎзА