Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга эътибор қаратилмоқда. Бу, бошқа соҳалар сингари жисмоний тарбия ва спорт тизимида ҳам ўз аксини топмоқда.
Ўтган давр мобайнида хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, иқтидорли спортчи қизларни танлаш, саралаш, ўз иқтидорларини намойиш этиш борасида ўзига хос натижаларга эришилди.
Биргина миллий спортимиз кураш бўйича нафақат юртимизда, балки жаҳон спорт майдонларида ўтказилаётган мусобақаларда курашчи қизлар сафи, ютуғи ортса ортдики, камаймади.

Бундан 25-30 йиллар муқаддам кураш билан шуғулланган қизларимиз сафи бармоқ билан санарли бўлган бўлса, бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида айнан миллий спортимиз кураш билан машғул бўлган ўнлаб хотин-қизларни учратиш мумкин.
Бундай даражага, яъни саломатликка эътиборни хотин-қизлар ўртасида оммалаштиришга қандай эришилди?
Давлатимиз томонидан ишлаб чиқилган дастурлар, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш йўналишидаги ишлар, спорт турларида шуғулланувчи қизлар сафини кенгайтирди.

Бу, ўз навбатида, кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионлигига эришган қизларимиз сони ортишига катта туртки бўлди. Куни кеча Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида кураш бўйича якунланган қитъа чемпионатида мамлакатимиз курашчи қизларининг умумжамоада 1-ўринни эгаллагани ҳам давлатимизнинг миллий спорт тури ривожига эътиборининг маҳсули, дейиш мумкин.
Спорт вазирлигида «Кураш спорт турини янада оммалаштириш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусида ўтган семинарда шу ҳақда сўз борди.

Спорт вазири, Халқаро кураш ассоциацияси биринчи вице-президенти Адҳам Икрамов, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этган семинарда «Кураш тарихи ва унда аёлларнинг ўрни», «Спорт турларини хотин-қизлар ўртасида янада оммалаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар», «Хотин-қизлар ўртасида миллий спортимизни тарғиб қилишдаги муаммо ва уларни ечиш омиллари» мавзуларида маърузалар тингланди. Муҳокама ва мунозаралар қизғин тус олди.

Таъкидланганидек, курашнинг халқаро спорт турига айланишида, унинг қамрови кенгайишида хотин-қиз курашчиларнинг алоҳида хизматлари бор. Бугунги кунда юртимиздаги спорт-таълим муассасаларида кураш бўйича мингдан ортиқ секциялар фаолият кўрсатмоқда. 43 минг нафар ёшларнинг кураш билан профессионал даражада шуғулланаётгани, уларнинг 6,5 минг нафари, бошқача айтганда, 16 фоизи хотин-қизлардан иборатлиги миллий спортимиз ривожида мунис опа-сингилларимизнинг алоҳида ўрни борлигидан далолат.
Семинар давомида келгуси режалар белгилаб олинди. Хотин-қизлар орасида курашни оммалаштириш борасида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА