Мамлакатимизда миллий спорт тури курашни ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги оммавийлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
1998 йил 6 сентябр куни пойтахтимиз Тошкентда давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, бир гуруҳ кураш фидойиларининг саъй-ҳаракати натижасида 28 та давлат вакиллари иштирокида Халқаро кураш ассоциациясининг таъсис конгресси ўтказилиб, жаҳон спорт жамоатчилигига янги спорт тури бўлган кураш расман таништирилди.

Ўтган йиллар давомида амалга оширилган катта ҳажмдаги самарали меҳнатлар туфайли қисқа фурсатда кураш бўйича дунё бўйлаб ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатлари, кўргазмали чиқишлар, семинарлар ташкил этилдики, бу, қадимий қадриятларимиз, хусусан мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз курашни халқаро майдонда ривожлантириш инфратузилмани яратди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги тегишли фармони билан 6 сентябрь – “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида эътироф этилди.
Ўтган йиллар давомида Халқаро кураш ассоциацияси ва унинг тизимидаги федерация ва институтларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида давлат миқёсида алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида дунёнинг 50 дан зиёд давлатида чемпионатлар ўтказилди, машғулотлар олиб борилди, қитъавий кураш конфедерациялари, миллий кураш федерациялари фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда курашчилар, мураббийлар, ҳакамлар, миллий федерациялар ва спорт мухлислари ушбу байрамни кенг нишонламоқда.
Бугун, 6 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбеда кураш куни муносабати билан Халқаро кураш ассоциацияси томонидан байрам тадбири ташкил этилаётган бўлса, мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида Ўзбекистон кураш федерацияси, жойлардаги дахлдор идоралар, спорт ташкилотлари ҳамкорлигида кураш бўйича турнирлар, ўқув-машғулотлар, байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Мақсад буюк аждодларимиздан мерос кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Т.Рўзиев,
ЎзА