Халқаро кураш ассоциациясининг 2026 йилги расмий мусобақалар тақвим режасига биноан етти йилдан буён миллий спортимиз бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнир эндиликда ёшлар ўртасида Осиё кубоги мақомида ташкил этилади.
Мазкур нуфузли мусобақа тақвим режага биноан жорий йилнинг 17-20 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бўлиб ўтади.
Қитъанинг турли давлатларидан иқтидорли курашчилар қатнашадиган мусобақада ғолибликка эришганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти совринига эга чиқади.
Айтиш лозим, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнир аввалги йилларда Хоразмда, шунингдек, Эроннинг Эсфараен шаҳрида муваффақиятли ўтказилган.
Шунингдек, 2026 йилда яна бир Осиё очиқ кубоги баҳсларига Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри мезбонлик қилиши белгиланди.
Ўзбекистон кураш федерацияси хабарига кўра, жорий йилнинг 22-25 май кунлари катталар ўртасида кечадиган мазкур мусобақа эркаклар ва аёллар ўртасида 16 та вазн тоифасини қамраб олади.
Т.Рўзиев,
ЎзА