Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кураш миллий спорт турини ривожлантириш янги босқичга кўтарилмоқда
15:11 / 2025-10-15

Давлатимиз раҳбарининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий ифтихоримиз бўлган ушбу спорт турини халқаро миқёсда янада нуфузли даражага олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қарорда курашни ривожлантириш, унинг илмий-услубий асосларини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шунингдек, кураш бўйича илмий тадқиқотлар, семинарлар ташкил этиш ва “Kurash Today” илмий-амалий журналини чоп этиш орқали мазкур соҳани тизимли қўллаб-қувватлаш вазифаси ҳам юклатилган.

Мазкур ишлар доирасида Халқаро кураш институтида кураш бўйича халқаро даражадаги малакали мутахассислар, тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилди.

Кураш мутахассислиги бўйича уч ойлик онлайн курснинг 4-гуруҳи учун бир ҳафталик интенсив амалий машғулотлар ва якуний имтиҳонлар яқинлашмоқда. Шу муносабат билан  Тошкент шаҳар Олимпия шаҳарчасида жойлашган Халқаро кураш институтининг янги биносида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда институтнинг профессор-ўқитувчилари, масъул ходимлар, шунингдек, Халқаро кураш ассоциацияси Бош котиби Ризо Нассири ва Ассоциация Администрация раҳбари Мансур Мирзаев иштирок этди.

Йиғилишда 23-29 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган якуний амалий босқичга тайёргарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, синов босқичида иштирокчиларнинг билим ва малака даражаси Халқаро кураш ассоциацияси ҳамда Халқаро кураш институтининг тажрибали экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиши маълум қилинди.

Йиғилишда “Kurash Today” илмий-амалий журнали таҳрир ҳайъати аъзоларини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ушбу нашр миллий спортимиз бўйича илмий тадқиқотлар, услубий таҳлиллар ва халқаро тажрибаларни ёритиш орқали курашни илмий жиҳатдан ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Мутасаддилар таъкидлаганидек, журнал нафақат мутахассислар, балки ёш спортчилар, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик учун амалий қўлланма вазифасини бажаради.

Айни кунларда пойтахтимизда Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъаларидан кураш мутахассислари семинар ва амалий машғулотларда иштирок этиш учун етиб келмоқда. Жумладан, Саудия Арабистони, Эрон, Ҳиндистон каби давлатлардан келган мутахассислар Тошкентда бўлиб ўтадиган курснинг якуний босқичига фаол тайёргарлик кўрмоқда.

Бу ҳам Ўзбекистоннинг кураш соҳасидаги нуфузи ва ташаббускорлик салоҳиятининг халқаро миқёсда ортиб бораётганидан далолатдир.

Нигора Раҳмонова, ЎзА