Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кураш – мардлик, жасурлик, ҳалоллик рамзи Ёхуд халқаро спорт луғатидан ўрин олган 13 та соф ўзбекча сўз
14:39 / 2020-12-12

Бир неча минг йиллик тарихга эга ўзбек миллий кураши азалдан мардлик, жасурлик, ватанпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган миллий қадрият бўлиб, бугунги кунда уни янада оммалаштириш ва ривожлантириш, дунёга танитиш ҳамда умумжаҳон дурдонасига айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, миллий курашимизнинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортимизга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшларнинг, шунингдек, жаҳон халқларининг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2020 йил 4 ноябрь куни Президентимизнинг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда ўзбек курашини янада оммалаштириш, унинг дунёдаги нуфузини ошириш, ушбу спорт тури бўйича умутаълим мактабларида тўгараклар ташкил этиш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида олиб борилиши керак бўлган асосий ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий техник институти доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Худойберди Хақназаров ЎзА мухбирига сўзлаб берди.

 

- Асл моҳиятини англайдиган кишилар курашни шунчаки спорт туригина эмас, балки тарбия мактаби, деб аташади, – дейди Х.Хақназаров. – Кураш ўзбек ҳалқи билан туғилиб, у билан бирга яшаб келаётган бўлса, миллий истиқлол халқимизнинг ана шу қадрияти, таъбир жоиз бўлса, маънавияти гавҳарини етти иқлимга кўз-кўз қилди.

Ўрта асрларда ҳам кураш мавжуд бўлиб, машҳур аллома Ҳусайн Воиз Кошифий ўз асарларида кураш билан шуғулланувчилар ҳар қандай вазиятда тўғрилик ва поклик қонунияти билан яшайдилар, деб таъкидлаган. Кураш муқаддас ислом динида ҳам суннат амаллардан бўлиб, у билан мунтазам шуғулланганлар 100 йилдан ортиқ умр кўришгани манбалар орқали маълум. Демак, кураш илму маърифат билан бойитилиб бориши натижасида инсонни ҳам юксалтириб боради, кучли тана кучли маърифат билан уйғунлашади.

Курашнинг ўзбек халқи миллий менталитетига сингиб кетган қатор жиҳатлари мавжудки, у орқали нафақат спортчилар, балки ҳаваскорлар, қолаверса барча ёшларни эзгуликка ундовчи муҳим характер мавжуд. Зеро, курашда, аввало инсоний ғоялар, ҳурмат акс этган бўлиб, зўравонлик ва бошқа салбий иллатлар намоён бўлмайди. Курашчиларга машғулот ва мусобақа майдонларида она Ватанни ҳимоя қилиш, унга садоқат билан хизмат қилиш уқтирилган бўлиб, полвонлар инсонпарварлик руҳида тарбия топишган.

Ҳозирги кунда ўзбек кураши мардлар ва паҳлавонлар юрти Ўзбекистонни дунёга танитиш ҳамда нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Миллий спортимизда ишлатиладиган чала, ғирром, ёнбош, ҳалол, деган сўзлар ҳозирги кунда 130 дан ортиқ давлатларда жарангламоқда. Қувонарлиси, миллий курашга, шу орқали ўзбек тилига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бугун дунёнинг турли чеккаларида 1 миллиондан зиёд ушбу спорт тури билан шуғулланиб келаётган спортчилар курашнинг Ватанига келишга, айнан бизнинг номдор полвонларимиз билан учрашишга, кураш сир-асрорларини ўрганишга катта қизиқиш билдиришмоқда. Демакки, улар нафақат кураш сирларини, балки курашда қўлланиладиган атамаларни тушуниш учун ўзбек тилини ўрганишга ҳам қизиқишлари табиий.

1991 йил 17 сентябрда “Спорт” газетасида Комил Юсуповнинг “Ўз тилимиз, ўз курашимиз бор” номли мақоласи чоп қилинганди. Унда ўзбек курашининг бор гўзаллиги, унинг ҳалол спорт тури экани ва унинг барча қоидалари шарҳлаб берилди. Ўзбек курашини қандай қилиб жаҳонга олиб чиқиш йўллари кўрсатилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, бугунги миллати, тилидан қатъи назар, барча ҳакамлар бемалол айта оладиган 13 та ўзбекча сўз халқаро спорт луғатларидан ўрин олди: “ўртага”, “таъзим”, “кураш”, “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “танбеҳ”, “ғирром”, “бекор”, “тенг”, “тўхта”, “вақт” каби соф ўзбекча сўзлар жаҳон ареналарида мунтазам равишда янграб келмоқда.

Бугун ушбу спортимиз Осиё ўйинларига киритилган. Энди эса Олимпия ўйинларига киритишимиз учун ушбу спорт турини мамлакатимизда янада оммалаштириш муҳим аҳамиятга эга. Биз нафақат оммалаштириш, балки кураш орқали ёшларимизни тарбиялашга эришамиз. Агар биз битта умумтаълим мактабида 100 нафар ёшларни ушбу спортга жалб этсак, улар орқали биз ушбу мактабда барча таълим олувчиларни ҳам тарбиялашга эришамиз. Машғулот жараёнида спортчиларга бугунги кундаги долзарб муаммолар, жиноятларнинг келиб чиқиши ва шу каби масалалар мураббийлар томонидан етказилиб борилади. Бу борада ҳарбий хизматчи ёки ходим истеъдодли мураббийларни ўқитишимиз, уларни дастур асаосида шакллантиришимиз муҳим масала ҳисобланади. Машғулот жараёнида мураббийлар томонидан ёшлар тарбияси учун айтиладиган фикрлар шуғулланаётган спортчилар учун жуда муҳим вақт бўлиб, уларга айни таъсир қиладиган жараён ҳисобланади.

Қарорда белгиланганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходим ва ҳарбий хизматчилари томонидан ёшларни ушбу спортга янада кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ёшларни «Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур», деган ягона шиор остида бирлаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида бепул кураш гуруҳларини ташкил этиш устивор вазифалардан саналади.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шундаки, 2025 йилга қадар республикада кураш билан мунтазам шуғулланувчи мактаб ўқувчиларини жами мактаб ўқувчиларининг камида 12 фоизига етказишга эришиш, шунингдек, кураш билан мунтазам шуғулланувчи аҳоли сонини камида 8 фоизга ҳамда хорижий давлатларда кураш билан мунтазам шуғулланувчи спортчилар сонини камида 12 миллионга етказишга эришиш вазифалари белгиланган. Пировардида, курашни 2028 йил Лос-Анжелесдаги Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришига эришиш энг асосий мақсад саналади.

Юқоридаги вазифаларни самарали амалга ошириш учун бир қатор муҳим масалаларни тизимли равишда ҳал этиш лозим бўлади:

- Олимпия мезонлари асосида, халқаро майдонда болалар, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида кураш спортини оммавийлаштириш ва спорт мусобақаларини ташкил этиш лозим;

- Ҳар йили Кураш халқаро ассоциацияси, шунингдек, Африка, Европа, Панамерика, Осиё-Океания кураш конфедерациялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда катталар ва ёшлар ўртасида қитъавий мусобақаларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш мақсадида улар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш керак;

- Ҳар йили Кураш халқаро ассоциацияси тасдиқлаган жадвалга мувофиқ, белгиланган стандартларга жавоб берадиган 2 минг дона яктак спорт кийими ҳамда 50 жуфт кураш гиламини хорижий давлатлар кураш федерацияларига етказиб берилишини таъминлаш лозим;

- Мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ўтадиган кураш мусобақалари, «тўй курашлари», «кураш сайиллари», «кураш фестиваллари» ва бошқа тадбирлар ҳақида рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда материаллар тайёрлаш, уларни электрон оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш зарур;

- Курашни жаҳон бўйлаб тарғиб қилиш бўйича роликлар тайёрлаш ва ESPN (Entertainment and Sports Programming Network), Sky Sports, Setanta Sports, Fox Sports, Euronews, Eurosport CNN ҳамда бошқа етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларида намойиш этиш керак;

- Мураббийларнинг касбий ва тил ўрганиш билан боғлиқ масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.

Мухтасар айтганда, ўзбек курашини мамлакатимиз ва жаҳонда оммалаштириш ҳамда янада ривожлантириш, ушбу спорт тури орқали юртимиз шаъни ва нуфузини ошириш нафақат унинг ривожига жавобгар ташкилотларнинг юксак масъулиятини, балки ҳар бир фуқаронинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини тақозо этади.

ЎзА мухбири

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ ёзиб олди