French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кураш бўйича халқаро курсда миллий ўйинлар ва ҳакамлик қоидалари ўрганилди
12:57 / 2025-10-27

Тошкент давлат транспорт университетида Халқаро кураш институти, Спорт вазирлиги, Халқаро кураш ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган уч ойлик онлайн курснинг якуний амалий босқичи ўтказилди.

Дастур доирасида миллий ўйинлар, «Юклама» гуруҳи техникалари, кураш фалсафаси ва ҳакамлик қоидалари бўйича амалий ва назарий машғулотлар ташкил этилди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессори, педагогика фанлари доктори, “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, миллий ўйинлар бўйича кўплаб китоблар муаллифи Талъат Усмонхўжаев кураш машғулотларида миллий ҳаракатли ўйинларнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилди.

Унинг таъкидлашича, бу ўйинлар ёш курашчиларда тезкорлик, чаққонлик ва нейродинамик қобилиятларни ривожлантириб, уларда тез фикрлаш ва ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш салоҳиятини оширади. Маҳорат дарсида бўлажак мураббийлар профессор раҳбарлигида миллий ўйинлар асосидаги самарали машқларни амалда бажарди.

Шундан сўнг дастур курашнинг «Юклама» гуруҳи техникаларини ўрганиш ва такомиллаштириш билан давом этди. Бу машғулотларни IKI экспертлари: Ажмал Исхак Заи, Феруз Бобомуродов ва Шуҳрат Қурбонов олиб борди.

Куннинг иккинчи ярмида институт доценти, педагогика фанлари доктори Феруз Бобомуродов “Кураш фалсафаси” мавзусида маъруза ўқиди. Унда курашнинг тарбиявий ва ахлоқий жиҳатлари, шунингдек, бу қимматли анъаналарнинг ёш спортчиларни етук шахс сифатида шакллантиришдаги аҳамияти таъкидланди.

Дастур якунида IKA Бош котиби Муҳаммад Ризо Нассири, экспертлар Али Шаҳеркани, Ким Эурджунг ва Ҳикмат Қуртов иштирокида ягона халқаро ҳакамлик қоидалари бўйича тренинг бўлиб ўтди. Тренингда амалий машғулотлар ва видео-таҳлиллар орқали бўлажак ҳакам ва мураббийларнинг малакаси янада мустаҳкамланди.

Н.Раҳмонова, ЎзА