Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кураш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати Эронда ўтказилади
12:17 / 2025-11-19

Миллий спортимиз кураш бўйича навбатдаги 15-жаҳон чемпионати келгуси йилнинг январь ойида Эрон давлатининг Форс кўрфази ҳудудида жойлашган Киш туристик масканида ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Теҳронда Эрон Ислом Республикаси ёшлар ва спорт вазирлиги ва Халқаро кураш ассоциацияси мутасаддилари учрашувида эълон қилинди.

Айтиш лозим, кураш бўйича 2025 йилги жаҳон чемпионати Туркияда ўтказилиши белгиланганди. Бироқ Туркия кураш федерацияси дунё биринчилигини қабул қила олмаслигини билдиргандан кейин, ушбу мусобақани уюштириш борасида Халқаро кураш ассоциацияси бир қатор вариантларни кўриб чиқаётганди.

Жорий йил сентябрь ойида Эрон кураш федерацияси мазкур чемпионатни қабул қилиш талабномасини тақдим этгандан сўнг Халқаро кураш ассоциацияси ижроия қўмитаси томонидан маъқулланди.

Эрон Ислом Республикаси ёшлар ва спорт вазирлиги ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси мутасаддилари иштирокидаги мулоқот давомида чемпионатнинг техник томонлари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида Эрон томони чемпионат билан боғлиқ молиявий масалалар тўлиқ қопланишини, иштирокчи давлатларнинг делегацияларини кутиб олиш каби мавзулар борасида таклифлар билдирилди.

Т.Рўзиев, ЎзА