Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кураш бўйича мутахассисларни тайёрлаш тизими янгиланмоқда
13:20 / 2024-01-22

Мамлакатимизда миллий спорт турларимизни, хусусан, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан халқаро мақомга кўтарилган курашни дунё бўйлаб кенг оммалаштириш борасида зарур вазифаларни амалга ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 4 ноябрда имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз курашни оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитишда мутахассисларнинг ўрни беқиёслиги, уларни замонавий ва илғор технологиялар асосида тайёрлаш вазифаси белгиланган.  

Ҳукуматимизнинг саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан халқаро спорт тури даражасига кўтарилган кураш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Халқаро кураш ассоциацияси, Халқаро кураш институти Ўзбекистон кураш федерацияси билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб бормоқда.  

Халқаро кураш ассоциацияси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022 йилда кураш бўйича 12 та халқаро семинар ўтказилган. Шундан 7 таси онлайн ва 5 таси офлайн тарзда уюштирилган. 2023 йилда ушбу кўрсаткич 10 тани ташкил этган.  

Ўтказилган кураш семинарлари ва ўқув-машғулотларда 90 дан ортиқ давлатдаги кураш федерациялардан 500 га яқин кураш мутахассислари, мураббийлар, ҳакамлар иштирок этган. Ушбу семинарларда мураббийлик ва ҳакамлик фаолиятига зарур маълумотлар назарий ва амалий машғулотлар шаклида тақдим этилди.  

Бу йил кураш бўйича семинарлар формати ўзгартирилиши назарда тутилмоқда.  

Кураш халқаро ассоциациясининг 2024 йилги тақвимига ягона стандарт асосидаги кураш семинарлари киритилди. Бу қандай семинар, қай тарзда ташкил этилади, ундаги ўзгаришлар нималарда акс этади?  

Кураш халқаро институти томонидан тақдим этилган семинар регламентига кўра, ушбу семинарлар 12 ҳафта (ўртача 3 ой) давомида онлайн тарзда бўлиб ўтади. Онлайн тренинг давомида кураш бўйича халқаро тажрибага эга бўлган энг тажрибали эксперт ва ўқитувчилар кураш тарихи, фалсафаси, унинг назарияси, спортчиларни тайёрлашдаги замонавий тенденциялар, ҳакамлик, мусобақаларни ташкил этиш каби йўналишларда сабоқ беради.  

Мазкур семинарларда иштирок этган мутахассислар Ўзбекистонда Халқаро кураш институти ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтказиладиган бир ҳафталик машғулотларда қатнашиб, имтиҳондан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар тақдим этилади.  

 

Т. Рўзиев, ЎзА