Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети спорт мажмуасида Осиё мамлакатлари кураш федерациялари мураббийлари учун халқаро онлайн семинар ўтказилди.
Унда қитъанинг Эрон, Афғонистон, Қувайт, Ироқ, Ливан, Иордания, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва ўзбекистонлик 200 нафарга яқин мутахассислар қатнашди.

Аҳамиятлиси, кураш бўйича халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали миллий спортимизни янада кенг оммалаштиришга қаратилган мазкур семинарда мураббийларга Халқаро кураш институти ва Халқаро кураш ассоциацияси экспертлари томонидан кураш усуллари асосидаги қоидалар ҳам амалий, ҳам назарий тарзда кўрсатиб утилди.
Семинар давомида миллий қадриятларимизнинг бир бўғини бўлган курашни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Халқаро кураш институти фахрий ректори Б.Валиев, институт мутахассислари Б.Абдувалиев ва Б.Абдулаев Туризм ва спорт вазирлиги томонидан “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Айтиш лозимки, ўтган давр мобайнида миллий спортимиз тарғиботини кучайтириш мақсадида Халқаро кураш институти томонидан 80 дан зиёд ўқув курслари, машғулотлар, ҳакамлик семинарлари ва кўргазмали чиқишлар ташкил этилди.
Жорий йил давомида ҳам 6 та онлайн ва 4 та офлайн ўқув семинарларини ташкил этиш режалаштирилган, дейилади Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
ЎзА