Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида ўтган йил якуни бўйича энг яхши натижаларга эришган спортчилар, уларнинг мураббийлари, миллий спортимизни ривожлантириш, уни тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшганларни рағбатлантириш мақсадида “Ардоқлаш-2022” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори курашни оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарор ижросини таъминлаш борасида ўтган қисқа вақт мобайнида қатор ишлар амалга оширилди. Ҳар йил якунида яхши натижаларга эришган спортчилар, уларнинг мураббийлари, уни ривожлантиришга ва тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшганларни тақдирлаш анъанага айланмоқда.
[gallery-10359]
Тадбирда “Йилнинг энг яхши мураббийи”, “Йилнинг энг яхши спортчиси”, “Йилнинг энг яхши қиз спортчиси”, “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси”, “Йилнинг энг яхши ёш қиз спортчиси”, “Йилнинг энг яхши спорт ҳаками”, “Йилнинг энг яхши аёл ҳаками”, “Кураш спортини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшгани учун”, “Йилнинг энг яхши спорт директори”, “Йилнинг энг яхши журналисти”, “Ўзбекистон Бош прокурори кубогида яхши натижа кўрсатгани учун”, “2022 йилда жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилгани учун” каби жами 16 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
– “2022 йилда жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилгани учун” номинациясида эътироф этилгандим, – дейди халқаро тоифадаги ҳакам Нокисбай Данияров. – Ўтган йилнинг сентябрь ойида кураш бўйича Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида, декабрь ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилдим. Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши курашни аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғолибларга Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан диплом, статуэтка ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА