Ортда қолаётган 2025 йил мамлакатимиз спорт ҳаётида унутилмас муваффақиятлар, ўзига хос натижалар даври сифатида ёдда қолмоқда.
Биргина миллий спортимиз курашни халқаро майдонда ривожлантириш, ўзбек спорт бренди сифатида дунёга танитиш, умумжаҳон дурдонасига айлантириш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
Баҳрайнда ўтган ёшлар Осиё ўйинлари дастурига киритилгани, Ар-Риёдда ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларида кураш мусобақаларининг тақдимоти ўтказилгани, дунёнинг кўплаб давлатларида турнир ва чемпионатлар, семинар ва халқаро машғулотлар ташкил этилгани азалий қадриятимиз курашнинг халқаро майдонда кенг оммалашаётганидан далолат дейиш мумкин.
Пойтахтимизда 2025 йил давомида энг яхши натижаларга эришган бир гуруҳ спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ҳамда кураш спорти ривожига муносиб ҳисса қўшган фаолларни тақдирлаш маросимида шу ҳақда сўз борди.
Маросимда иштирок этган Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш ассоциацияси масъуллари 3 минг йиллик тарихга эга кураш фидойи мутахассисларнинг фидокорона меҳнати туфайли халқаро майдонда кенг оммалашаётгани, маҳоратли курашчиларимизнинг ёрқин ғалабалари туфайли ватанимиз обрў-эътибори юксалаётганини эътироф этишди.
Тадбир жараёнида йилнинг энг яхшилари тегишли номинациялар бўйича тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА