French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кунлар совий бошлади, аммо мактабда иситиш тизими куз-қиш мавсумига тайёр эмас
09:28 / 2020-11-14

Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Буюк ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 11-умумтаълим мактаби туман халқ таълими бўлими томонидан намунали таълим маскани сифатида таърифлагани учун ушбу маскан фаолиятини ёритиш учун бордик.

Лекин мактаб куз-қиш мавсумига мутлақо тайёр эмаслиги бизни ҳайратлантирди.

Собиқ тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежи биноси 2019 йилдан буён мактаб ихтиёрида. 440 ўринга мўлжалланган даргоҳда 317 нафар юқори синф ўқувчилари таҳсил олади. Айни пайтда ўқувчилар синфхоналар совуқлиги боис дарсда қалин кийимлар билан ўтиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса уларнинг ўқиши учун ноқулайлик туғдиради.

Туман халқ таълими бўлими мудири Дилфуза Хайрқулованинг таъкидлашича, мавжуд ўқув муассасаларига куз-қиш мавсуми учун 110 тонна кўмир, 300 тонна кўмир брикетини жамлаш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 360 тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилган. Бу албатта яхши. Аммо кўмирнинг сифати ҳақида эса ҳеч ким бош қотирмаган кўринади. Нега дейсизми? Чунки ушбу мактабга олиб келинган 55 тонна кўмирнинг 90 фоизи сифатсиз эканлигига гувоҳ бўлдик. Аммо мактаб маъмурияти била туриб сифатсиз кўмир ёқилғисини олишига нима сабаб бўлмоқда?

Қизиғи мактаб биносида мавжуд 9 та қозонхона газга мослаштирилган. Лекин газнинг ўзи йўқ.

– Ўтган йили 25 тонна кўмир ёқилғисини ёққан бўлсакда, қозонхона газга мослаштирилгани учун етарли иссиқлик бермади, - дейди 11-умумтаълим мактаби директори Сабоҳат Раҳматова. – Оқибатда олтита синфхонамизни иситиш печлари билан иситиб ўқишни икки сменада ташкил қилишга мажбур бўлдик. Иситиш тизимини кўмирга мослаштириб берилишини сўраб ўтган йили ҳам, бу йил ҳам тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганмиз, лекин натижа бўлгани йўқ. Яқинда мурожаатимиз бўйича масъуллар келиб, маблағ ажратилиши билан қозонхоналарни кўмирга мослаштириб берамиз, дейишди холос. Ўзгариш бўлиб қолар, деган умиддамиз.

Куз ҳам охирлаб, қиш эшик қоқмоқда. Иситиш мавсуми учун ажратилиши лозим бўлган маблағдан эса дарак йўқ.

Мутасадди ташкилот раҳбарлари юқорида келтирилган муаммони тез кунда бартараф этишига биз ҳам умид қиламиз.

Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат), ЎзА