Бухоро вилояти Жондор туманида ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар учун кундузги қараб туриш хизмати йўлга қўйилган. Ушбу хизмат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг соғлиғини тиклаш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.
Ибн Сино маҳалласида яшовчи Махфуза опа Қораева ҳам ушбу хизматдан фойдаланувчи фуқаролардан бири. У фарзандли бўлганидан сўнг соғлиғи ёмонлашиб, кучли оғриқлардан азият чеккан. Вақт ўтиши билан бу оғриқлар сабабли юриш ва ҳаракатланиши қийинлашган, тик туриш ҳам оғир бўлиб қолган.

Маҳалла ижтимоий ходими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, Маҳфуза опа кундузги қараб туриш хизматига жалб этилди. У ерда унга физиотерапия ва уқалаш муолажалари тайинланди.
Кўрсатилган тиббий ва ижтимоий реабилитация хизматлари натижасида Маҳфуза опанинг соғлиғида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда – у энди мустақил равишда ҳаракатлана олмоқда, кундалик фаолиятида фаоллик ортган.

–Давлат раҳбарига раҳмат, мана шундай хизматлар орқали ҳаётга қайтдим, –дейди Маҳфуза опа Қораева. –Аҳволим кундан-кун оғирлашиб бораётганди. Лекин давлатимизда мана шундай олийжаноб ишлар амалга оширилаяптики, менинг ҳаётга бўлган қизиқишим ортмоқда. Соғлигим тикланиб, фарзандларимни тарбиялашга бош-қош бўлаяпман.
Жондор туманида йўлга қўйилган бу хизмат нафақат фуқароларнинг соғлиғини тиклаш, балки уларнинг жамият ҳаётига фаол қайтишини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири