Андижонда умумтаълим мактабларида кундалик автоматлашган ахборот тизимидан фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Маълумки, мамлакатимиз умумтаълим мактабларида ўқувчилар билимини баҳолаб бориш учун юритиладиган кундаликдан онлайн тартибида фойдаланиш тизими амалиётга татбиқ этилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Кундалик” масъулияти чекланган жамияти методика бўлими томонидан ташкил этилган семинарда вилоятдаги умумтаълим мактаблари директорлари, ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарлари, услубий бирлашмалар раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда умумтаълим мактабларида “Кундалик” онлайн платформасидан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир давомида мутахассисларнинг таълим жараёнида кундалик автоматлашган ахборот тизими билан ишлаш самарадорлигини ҳамда иштирокчиларнинг бу борадаги билим ва малакасини ошириш бўйича маърузалари тингланди. Унда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-11188]
Иштирокчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. Якунда “Кундалик” онлайн платформасида фаол ишлаётган умумтаълим мактаблари вазирликнинг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА